Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги илмий ғоялар, тажриба алмашуви ва глобал мулоқот майдони
18:43 / 2025-11-14

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиали ташаббуси билан “Ветеринария медицинаси ва чорвачиликдаги долзарб муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари” мавзусида халқаро илмий ва илмий-техник конференция бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман илмий тажриба алмашиш майдони бўлиш билан бирга, ветеринария ва чорвачилик тармоқларининг келажагини белгилайдиган, минтақавий ҳамда глобал миқёсдаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққан йирик илмий воқеа сифатида эътироф этилди.

Тадбирда мамлакатимиздан ташқари Россия, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан етакчи профессорлар ҳамда олимлар онлайн ва оффлайн шаклда, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари вакиллари, ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.  

Конференцияда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим фан ва инновациялар вазири А.Аяпов, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директори, профессор А.Есимбетов ва бошқалар мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасини модернизация қилиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий ҳамкорлик ва соҳага киритилаётган инновацион ғояларнинг янгича руҳини алоҳида таъкидлашди.  

[gallery-26257]

Сўнгги йилларда ветеринария медицинаси ҳайвонлар саломатлигини таъминлаш билан чекланмаяпти, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва биохилликни муҳофаза қилиш сиёсатининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Шу боис илм-фан ютуқлари, янги авлод биотехнологик ечимлари ва рақамли таҳлил тизимларини соҳага татбиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу халқаро анжуманнинг бу борада илмий ҳамкорликни кенгайтириш, ветеринария соҳасида инновацион ғояларни татбиқ этишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.

– Дарҳақиқат конференция тадқиқотчилар ва амалиётчилар учун тажриба алмашиш, инновацион ечимларни муҳокама қилиш ва ҳайвонлар соғлигини таъминлашда замонавий ёндашувларни шакллантириш майдонини яратди. Пробиотик препаратлар устида олиб борилаётган тадқиқотлар микрофлорани барқарорлаштириш, иммунитетни мустаҳкамлаш ва маҳсулдорликни оширишда аниқ ва илмий асосланган натижалар бермоқда, – деди Қозоғистон Республикаси Миллий аграр тадқиқот университети “Микробиология, вирусология ва иммунология” кафедрасининг профессори Р.Миқтибаева.

Конференцияда қўшни давлатлардан ташриф буюрган етакчи мутахассислар томонидан ҳайвонлар генетикаси, юқумли касалликларни эрта аниқлаш, вакцина технологияларини такомиллаштириш, чорвачиликда экологик барқарор тизимларни яратиш ва рақамли бошқарув моделларини жорий этиш масалалари бўйича илмий фикрлар билдирилди. Анжуман якунида соҳа ривожига муносиб илмий ҳисса қўшган энг фаол тадқиқотчилар ва энг яхши маърузалар муаллифлари тақдирланди. Конференция материаллари илмий тўплам шаклида нашр этилиши таъкидланди.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА мухбирлари