English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!”
20:29 / 2023-08-30

Худди шу шиор остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида “Маънавият фестивали” доирасида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Мирзачўл туманида ушбу “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида бўлиб ўтган концерт дастурида пойтахтдан келган таниқли хушовоз санъаткор Ботир Қодиров энг сара қўшиқлари билан иштирок этиб, йиғилганларга хуш кайфият улашди. Туманда фаолият юритаётган қозоқ миллий маданий маркази қошида ташкил этилган ҳаваскор санъаткорлар ҳамда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг ижрочи ёшлари ва раққосаларининг байрам чиқишлари йиғилганларни бефарқ қолдирмади. Болалар-ўсмирлар спорт мактабида тарбияланувчи спортчи ёшларнинг саҳнавий чиқишлари эса томошабинларнинг диққат марказида бўлди.  

Мустақиллик байрами шарафига ташкил қилинган мушакбозлик айниқса, тадбир якунида томошабинларга байрамона кайфият бағишлади.  

Тумандаги Гагарин соғломлаштириш сиҳатгоҳида Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги “Маънавият фестивали” доирасида байрам тадбирлари ўтказилди.  

Мирзачўл туманининг энг олис, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидаги “Янгидала” қишлоқ фуқаролар йиғинида мамлакатимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтган байрам тадбири иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.  

***  

Шароф Рашидов тумани марказий ўйингоҳида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида Мустақиллигимизнинг қутлуғ 32 йиллик байрамига бағишланган туманнинг байрам тадбир бўлиб ўтди.  

Тадбирда туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев сўзга чиқиб, Мустақиллигимизнинг қутлуғ 32 йиллик байрами билан туман аҳолисини самимий муборакбод этди.  

Байрам тадбирида пойтахтдан келган таниқли хонанда Севинч Исмоилованинг ҳар бир чиқишлари иштирокчиларга жуда катта қувонч, байрамона кайфият улашди. Туман маданият уйи ҳаваскор санъаткорлари, ижрочи ёшлар, фольклор этнографик халқ ансамбли томонидан ижро этилган куй, қўшиқ, айтишув, лапар ва қадимий миллий рақслар ҳамда спортчи ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларга янада завқ ва хурсандчилик бағишлади.  

***  

Республика тарғибот гуруҳи аъзолари  республика Маънавият ва маърифат маркази Пахтакор туман бўлинмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “н” ҳарбий қисмда “Маънавият фестивали” доирасида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида “Маърифат соати” бўлиб ўтди.  

Унда фалсафа фанлари доктори, шоира Шаҳло Аҳророва, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ҳамда таниқли киноактриса Ойгул Абдураҳмоновалар иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини кириб келаётган Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан муборакбод этди.  

Тадбир давомида тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан янграган, шеър, қўшиқ ва монологлар барчага манзур бўлди.  

***  

“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги “Маънавият фестивали” доирасида “Менинг кутубхонам” мавзусида Пахтакор туманидаги ахборот-кутубхона марказида ижодий учрашув бўлиб ўтди.  

Тадбирда Республика тарғибот гуруҳи аъзолари  Республика Маънавият ва маърифат маркази Пахтакор туман бўлинмаси ҳамкорлигида шеърият ва китобга ошно бўлган туман ёшларига ўзларининг муҳим тавсияларини бериб ўтди ҳамда ўқувчи-ёшлар ўзлари ёзган шеърларидан намуналар ўқиб берди.  

***  

Ёшлар ишлари агентлиги ва мудофаа ишлари Ғаллаорол туман бўлимлари ҳамкорлигида “Лалмикор”, “Яшнаобод”, “Маржонбулоқ” ва “Ўзбекистон” МФЙлари ёшлари учун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган “Ёшлар фестивали” ўтказилди.  

Тадбирда ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг куй-қўшиқ ва рақслари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.  

***  

Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги тантаналари муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида Дўстлик туманида ташкил этилган “Маънавият фестивали” кўтаринки руҳ ва хуш кайфиятда ўтди.  

Мазкур фестиваль доирасида дастлаб, Дўстлик шаҳрида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилган бўлса, тумандаги “Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази”даги тикув цехи тикувчи қизлар учун “Маърифат соати”  ташкил этилди.  

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ахтамқул Каримов, Ўзбекистон Кино арбоблари ижодий уюшмаси аъзоси Барно Қодирова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Элмурод Насруллаев, хонанда Умид Шаҳобовлар иштирок этди.  

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятининг барча шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, ташкилот ва муассасаларида қизғин давом этмоқда.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА