Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остида китоб-расмли кўргазма намойши бўлиб ўтмоқда
Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йиллари, айниқса кейинги олти-етти йил давомида кечаётган янгиланиш жараёнлари, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар ёрқин ва ҳаётий тарзда акс эттирилган адабиётларга кенг ўрин берилган.
Шу билан бирга, кўргазмада “Инсон хотираси – абадий” рукни остида ташкил этилган экспозиция алоҳида эътиборга моликдир. Унда мустақиллик учун умрини бахшида этган жадид боболаримиз, жумладан, Мунавварқори Абдурашидхонов ҳаёти, ибратли фаолияти, унинг бошига оғир кунлар ҳақидаги китоблар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Айтиш жоизки, миллатни уйғотиш, уни ҳур, озод, маърифатли,фаровон кўриш Мунавварқори Абдурашидхонов ҳаётининг мазмунини ташкил этар эди. Айни пайтда таълим, адабиёт, миллий матбуотимиз ривожида унинг ҳиссаси улкандир.
Жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, ХХ аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб ва шоир Мунавварқори Абдурашидхоновнинг серқирра фаолияти бугун ҳам тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА