Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ғояларга илҳомлантирувчи табиий фанлар дарслиги тақдимоти
16:10 / 2022-07-13

Тошкент шаҳрида  Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази, ЮНИCЕФ, Aбдулла Aвлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти  ҳамкорлигида Табиий фанлар бўйича халқаро эксперт Филиппа Гардом Ҳалм иштирокида “Табиий фанлар – илм-фан оламига илк қадам” мавзусидаги дарсликлари тақдимотига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов ва бошқалар таълимдаги ислоҳотлар шиддатли кечаётганини таъкидлади. 

Президентимизнинг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 1-6- синфларда атрофимиздаги олам, табиатшунослик, география, биология, физика фанлари ўрнига Табиий фан (Science)ни жорий этиш белгиланган эди. 

Президент қарорига биноан мамлакатимиз тарихида илк бор Миллий ўқув дастури асосида 2021-2022- ўқув йили учун 1-2- синф Табиий фанлар дарслиги амалиётга жорий этилди. 

“Табиий фанлар – илм-фан оламига илк қадам” мавзусидаги тақдимотда таълимни ҳаётийлаштириш ва мазкур дарсликларидаги асосий кўникмалар, 1-2-синф Табиий фанлар дастурини амалиётга жорий қилишда эришилган ютуқ ва натижалар бўйича Республика таълим маркази томонидан амалга оширилган ишлар билан кенг жамоатчилик таништирилди. 

Республика таълим маркази ахборот хизматига кўра, жорий йилда янги ўқув йили учун 7 та тилда ўқитувчилар учун методик қўлланма билан жами 8 номдаги 3- ва 6-синф Табиий фанлар дарсликлари тайёрланди. 3-синф Табиий фанлар дарслиги 728 минг 330 тиражда, 6-синф Табиий фанлар дарслиги 723 минг 716 тиражда нашр этилади. 

Шунингдек, янги ўқув йили учун 7, 10-синфларнинг 16 номдаги кимё, биология, физика, география дарсликлари тайёрланиб, улар қарийб 6 миллион тиражда босилади. Табиий фанлар кимё, биология, физика, география фанларини яхши ўзлаштиришга пойдевор бўлади. Эътиборли жиҳати,  дарсликларни яратиш жараёнига 20 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар, асосан амалиётчи ўқитувчилар жалб қилинди. Табиий фанлар учун Миллий ўқув дастури, стандартлар ва дарсликнинг тайёрланишида ЮНИСЕФнинг халқаро эксперти Филиппа Гардом Ҳалм иштироки ҳам дарсликнинг муваффақиятидан бири бўлди. 

Халқаро эксперти Филиппа Гардом Ҳалм Ўзбекистонда таълим  соҳасини ислоҳ этиш учун барча имкониятлар ишга солингани, бу жараён учун энг малакали эксперт ва мутахассислар фаол жалб этилганини таъкидлади. Шу билан бирга, компетенцияга йўналтирилган тажриба жаҳонда илғор тажриба сифатида кўрилиши ва дарслик болаларда далилларга таянган ҳолда қарорлар қабул қилишга хизмат қилиши кераклиги ҳақида тушунтирар экан: 

“Янги дарсликлар ўқувчини одатий ёдлашдан кўра, кўпроқ мантиқий фикрлашга ўргатади. Масалан, ўқувчилар одамлар одатда қандай қарор қабул қилишига қараб эмас, танқидий фикрлаш орқали қарор қабул қилишга ўрганадилар”, – деб қайд этди.   

Умумий ўрта таълимнинг 1-6-синфлари учун мўлжалланган Science фани бир нечта фанларни бирлаштирган ва СТЕAМ тизими асосида кўплаб ижтимоий, иқтисодий фанлар билан интеграцияни таъминлаган. 

Билим ва кўникмаларни спиралсимон усулда оддийдан мураккабга томон ривожлантириб бориш кўзда тутилганлиги ҳисобига ўқувчиларга оламнинг яхлит, ажралмас, бир бутунлигини англашга ёрдам беради. 

Бундан ташқари, яратилаётган дарсликка ҳар бир бобнинг мавзусидан келиб чиқиб, содда кундалик турмушда учрайдиган қизиқарли мавзулар, тажрибалар киритилди. Энди болалар “Ўқув лойиҳаси” деб номланган амалий машғулотда ўзлари кичик тажрибалар ўтказиб кўришади. Масалан, 1-синфларга 1 ўқув йили учун 1 та амалий топшириқ, гул экиш ва уни парваришлаш вазифаси берилган. Ўқувчилар ўзлари эккан гулдаги ўзгаришларни йил давомида кузатиб, натижани дафтарларига қайд этиб борадилар, устозлари ва синфдошлари билан ўртоқлашадилар. 

Aҳамиятли жиҳати, муаллифлар жамоаси дарсликка киритилаётган барча топшириқлар, ўқув лойиҳаларини аввал ўқувчилар топшириқни қай даражада бажара олишларини аниқлаш мақсадида мактабларда тажриба-синовдан ўтказмоқда. 

Aнъанавий ёндашувга асосланган дарсликларда аввал матн, кейин саволлар берилган бўлса, янги  дарсликларда ўқувчининг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида аввал саволлар берилиб кейин матн келтирилган. 

Маълумотларнинг аксарият қисми эса матн кўринишида эмас, балки расм ёки иллюстрациялар кўринишида келтирилган.  Бу болаларда ҳар хил манбаларни тушуна олиш, мавзуга креатив, ижодий ёндашиш кўникмасини шакллантиради. 

Дарсликнинг дизайни ҳам жаҳоннинг илғор тажрибаларига асосланган ҳолда яратилмоқда. Профессионал рассомлар томонидан дарсликка ишланаётган расмлар эса болаларга мавзунинг мазмунини тўлиқ англаб етишга кўмаклашади. 

Конференцияда табиий фанларни ўқитишда замонавий ёндашув, бу борада ўқитувчилар маҳоратини ошириш, уларнинг тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. 

   Назокат Усмонова, ЎзА