Ватанимиз спорт шарафини улуғлаб келаётган спортчиларни тантанали равишда тақдирлаш, уларга давлатимиз ва халқимизнинг юксак эътибори ва эҳтиромини намоён этиш анъанага айланган. Бу нафақат халқаро майдонда янги Ўзбекистон ёшларининг янги ғалабалари бардавом бўлаётганини, балки мамлакатимизда оммавий спорт ҳаракатининг тобора кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Миллий олимпия қўмитасида бундан бир неча кун аввал Баҳрайнда бўлиб ўтган III Осиё ёшлар ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбир давомида ёш спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган натижаларнинг аҳамияти ва уларнинг халқаро спортдаги ўрни юксак баҳоланди.
Маълумки, Баҳрайн спорт майдонларида кечган шиддатли беллашувларда юртимиз ёш спортчилари 37 та олтин, 16 та кумуш ва 28 та бронза медалини қўлга киритиб, жами 81 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Бу натижа ўзбек спорти тарихидаги катта ютуқ бўлиб, ёшларимизнинг азму шижоати ва иродасининг ёрқин ифодасига айланди.

Тақдирлаш маросимида давлат мадҳияси янгради, тадбир аввалида эса спортчиларимизнинг “Баҳрайн–2025” мусобақасидаги муваффақиятли иштирокига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг ғолиб ва совриндор спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига махсус сертификатлар топширилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, шунингдек, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таэквондо (WT) бўйича “Баҳрайн–2025” ўйинлари ғолиби Омадбек Отабеков ҳамда бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи Сирожиддин Наимов сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан спорт соҳасига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.

Маросим якунида 2029 йилги Осиё ёшлар ўйинлари мезбонлиги Тошкент шаҳрига берилганлиги муносабати билан дзюдо бўйича “Париж–2024” ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова ҳамда “Баҳрайн–2025” мусобақасида икки карра олтин медал соҳиби Мунисбек Давлетов томонидан Осиё Олимпия кенгаши байроғи Миллий олимпия майдони узра баланд кўтарилди.
Дарҳақиқат, яна тўрт йилдан сўнг IV Осиё ёшлар ўйинларига Ўзбекистон мезбонлик қилади. “Кичик олимпиада” мақомидаги мазкур нуфузли мусобақанинг юртимизда ўтказилиши янги ғалабаларнинг янги пойдеворини мустаҳкамлайди, десак муболаға бўлмайди.
Тўлқин Рўзиев,
Жавоҳир Тошхўжаев,
(сурат) Алмурод Мамадаминов,
(видео) Ойбек Давронов, ЎзА