Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ғалабаларга замин тайёрланмоқда
10:35 / 2021-11-24

Ўзбекистонда чим устида хоккей бўйича хорижлик мутахассис фаолият бошлади.

Ўтган олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимиз вакилларининг ғолиблик медаллари деярли яккакураш спорт турларида қўлга киритилган ва бу, мажбурият бўлгану гўё, жамоавий спорт турларида ички мусобақаларни ўтказиш, шуғулланиш оддий ҳолдек қабул қилинган. Шу боис, кўп ҳолларда жамоавий спорт турларидан олимпия ўйинларида қатанашиш, юқори натижаларга эришиш етиб бўлмас манзилдек кўринарди.

Аммо, яна уч йилдан кейин бошланадиган Париж олимпиадасида бундай бўлмаслиги хусусида давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 13 августида Токио олимпиадаси иштирокчилари билан йиғилишда алоҳида айтиб ўтди. Мазкур масалани тизимли ҳал этиш, тажрибали хориж мутахассисларини жалб қилиш, соҳага халқаро талаблар асосида ёндашиш бўйича мутасадди раҳбарлар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.

Бундан ташқари, “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Президент қарорида жамоавий спорт турлари бўйича олимпия ўйинларида кўзланган натижаларга эришиш масаласида “Йўл харита”га биноан мақсадли ишларни ҳал этиш белгилаб берилди.

Юқоридаги кўрсатмалардан келиб чиққан Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясида мазкур спорт тури бўйича миллий терма жамоага хорижлик тажрибали мутахассисни жалб этиш орқали Ватанимиз спортчиларининг халқаро майдондаги мавқеини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Федерация вакилларининг халқаро ва қитъавий чим устида хоккей федерациялари билан ўтказган музокаралари, маслаҳатлашуви туфайли Осиё хоккей федерацияси вакили, халқаро тоифадаги мураббий Зоҳид Алининг мамлакатимиз терма жамоасида мураббий бўлиб фаолият юритишига келишилди.

Айтиш жоизки, тажрибали мутахассис Зоҳид Али Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Халқаро хоккей федерацияси ҳамкорлиги асосида юртимизга таклиф этилди. Ўтган қисқа фурсатда хорижлик мутахассис иштирокида Андижон ва Самарқанд вилоятларида маҳаллий мураббийлар учун малака ва маҳорат семинарлари ташкил этилди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, бундай ўқув-машғулотларнинг режа асосида давом эттирилиши кейинги муваффақиятларга, Ўзбекистон чим устида хоккейчиларининг янги зафарларига замин бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас. Муҳими, эзгу мақасад йўлидаги ишончли ҳаракат бошланди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА