Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш ва жамиятни янада ривожлантиришдир.
Хусусан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида айтадиган бўлсак, одил судлов фуқаролар манфаатини ҳимоя қилувчи жараёнга айланиб, тизимни либераллаштириш, демократик янгиланишларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантиришга асос бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 141-142-моддаларида "Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади", деб белгиланганининг ўзи диққатга сазовордир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 май куни маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Фармонда 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш масалалари қайд этилди. Хусусан, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб боришга урғу берилган.
Бу борада жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш лозимлиги кўрсатилган. Айни мақсадларда эса давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш бўйича бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу фармонда 2024 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинадиган бўлди. Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади. Ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги жамоат фондлари ҳисобидан «Мадад» ННТнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини молиялаштириш учун давлат субсидиялари ажратиб бориладиган бўлди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада кафолатлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини қўллаб-қувватлашга халқаро молия институтлари ҳамда хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантларини жалб қилинади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини таъминлаш ва мувофиқлаштириш уларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилда маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисидаги фармони, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар самарали бажарилишига замин яратади.
Қудрат Маткаримов,
Тошкент давлат юридик университети
Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси доценти,
юридик фанлари доктори.
ЎзА