Аслида вақт оралиғида саёҳат қилиш кўпларимизнинг орзумиз. “Mening yurtim” (“My5”) телеканали ва бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда суратга олинган “Дежавю” номли бадиий фильм ана шундай ғайритабиий, фантастик имкониятга эга бўлган қаҳрамоннинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Дежавю” фильмининг премьераси ўтказилди.
Фантастик драма жанридаги мазкур фильм режиссёр Ҳожимурод Тўхтамуродов ғояси ва сценарийси асосида суратга олинган.

Фильмда асар қаҳрамони Сарвар ўзининг никоҳ тўйига уч кун қолганда йўқолиб қолади ва ўн йилдан кейин пайдо бўлади ҳамда у ўзининг ғайриоддий йўқолиши сабабини излайди.

Шунда Сарвар ўзида вақт оралаб саёҳат қилиш қобилияти борлигини сезиб қолади ва у ўзининг ноёб қобилияти орқали аввалги барча хатоларини тўғрилашга ҳаракат қилади. Бироқ уни ҳар сафар янги синовлар кутиб турарди.

Фильмда асосий ролларни актёрлар Достон Жўраев, Фотима Раҳимова, Камила Аҳмедова, Рустам Тўлқинов, Санжар Намозов, Феруза Фаттоҳова, Шаҳризода Деҳқонова, Сардор Каримов, Тоҳир Раҳимов, Гулмира Муҳаммедова, Феруза Мансурова, Ғанишер Раҳматуллаев, Нодира Муртазоева, Зарифа Алимқулова ва бошқа санъаткорлар маҳорат билан ижро этишган.

Постановкачи режиссёр, ғоя муаллифи ва продюсер –Ҳожимурод Тўхтамуродов. Постановкачи оператор – Қосимхон Зиябеков.
Сценарий муаллифи – Саида Ваҳобова. Режиссёр ассистенти – Умид Ҳасанов. Рассом – Рустам Султонов. Бош продюсер – Қобулжон Аҳмедов.
Янги бадиий фильм томошабинларга манзур бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА