Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги эшикка шикаст етказган маст уста ва ҳуқуқини талаб қилган уй бекаси
10:05 / 2021-02-09

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи С.Яхшимованинг оиласи янги хонадон эгаси бўлди.

  Бироқ, ушбу хонадонда истиқомат қилиш учун унга янги эшиклар ҳам ўрнатиш керак. Уй бекаси унинг турмуш ўртоғи хорижда меҳнат қилаётган бўлсада, қурилиш ишларига ўзи “бош-қош” бўлишга мажбур. У Россия Федерациясидан эри жўнатган пуллар эвазига  Урганч шаҳар, “Саноатчилар” кўчасида жойлашган савдо дўконига 3 та эшик буюртма қилди.  

 Буюртма кўп ўтмай тайёр бўлди ва С.Яхшимованинг хонадонига етказиб берилди. Эшиклар уй бекасига маъқул келди ва у буюртма аввалида келишилган 7 миллион  сўм  пул маблағни дўкон ходимларига берди. (Аслида ушбу маблағ буюртмачи ва савдо ходимининг ўзаро келишувига кўра, эшиклар ўз жойига ўрнатилгандан кейин тўланиши лозим эди.)  

 Дўкон ходимлари эса пулни олгач, эшикларни ўрнатиш ишлари ниҳоясига етмасдан, қолган ишни маст ҳолатдаги устанинг ўзига қолдириб, жўнаб қолишди.  

 Спиртли ичимлик истеъмол қилган уста эса мастлик ҳолатида эшикларни ўрнатиш жараёнида уларга шикаст етказиб қўйди.  Сифатига путур етган эшиклар С.Яхшимовага маъқул келмай қолади.  У дарҳол дўкон ходимига бўлган ҳолатни тушунтиради.  

 Хонадонга етиб келган дўкон ходими эшикларнинг шикастланган жойларини устахонада таъмирлаб, кейинчалик қайта ўрнатиб беришини айтиб, эшикларни қайтариб олиб кетади.  

 Орадан вақт ўтиб фуқаро С.Яхшимова савдо дўкони ходимига қайта мурожаат қилади ва шикастланган эшиклар таъмирлансада, барибир янгисидай бўлмаслиги, уларни қайтариб олмаслигини айтиб, буюртмани бекор қилади. Шунингдек, пулларини ҳам қайтарилишини талаб қилади. Савдо дўкони ходими эса турли баҳоналар қилиб, пулларни қайтармаслигини айтган.  

 Фуқаро С.Яхшимова эса ўз ҳуқуқларини яхши англаган истеъмолчи сифатида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига  эшиклар учун тўлаган 7 000 000 (етти миллион) сўм пул маблағини қайтариб олиш учун амалий ёрдам сўраб  мурожаат қилган.

 Урганч шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида С.Яхшимованинг талаби тўғри эканлиги аён бўлди.  

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларининг мазмун-моҳияти тушунтирилган савдо дўкони ходимлари эса истеъмолчидан узр сўраб, унинг 7 миллион сўм пул маблағини қайтариб берди.

 - Турмуш ўртоғим ва мен бир неча йиллардан буён пул йиғиб янги хонадонлик бўлдик,  - дейди  уй бекаси.  - Хориждан эримнинг оғир меҳнатлари эвазига келаётган пулларни ҳавога совуриб, синган ва ямалган, сифатсиз эшикларни янги хонадонимга ўрнатишларини ҳоҳламайман. Бунинг устига иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатдаги уста ясаган бундай эшикларни ҳеч қайси харидор сотиб олишни истамаса керак. Урганч шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари ёрдам беришди. Мурожаатим асосида  мазкур ҳолатни эринмасдан жойига чиқиб ўрганишди. Қисқа фурсатда муаммо барҳам топди.

 Аҳмаджон Шокиров, ЎзА