Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ер ости йўлагининг афзалликлари
19:40 / 2025-06-05

Муборак Қурбон ҳайити арафасида Жиззах шаҳрининг энг гавжум нуқталаридан бири – Мирзо Улуғбек маҳалласидаги “Марказий” деҳқон бозори олдида замонавий ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказиган тадбирда Жиззах вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Вилоят марказида сўнгги йилларда транспорт ҳаракатининг тирбандликларини олдини олиш, пиёдалар ва автомобиллар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш йўллари, кўприк ва бекатларнинг барпо этилаётгани бу каби муаммоларга ечим сифатида хизмат қилаётир.

Бугун нафақат Жиззах шаҳрида, балки вилоят ҳудудида йўлларни халқаро талаблар даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон, энг асосийси, ҳаракат хавфсизлигини таъминламоқда.

[gallery-23780]

Давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ўтган 2024 йилнинг апрель ойидаги ташрифи давомида берилган топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг 2024 йил 7 августдаги баённомасига асосан Жиззах шаҳрида учта ер ости йўли қурилиши белгиланган эди.

Ер ости пиёдалар йўлагининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари топшириқлари ижроси, ер ости ўтиш йўлининг фуқаролар хавфсизлигидаги аҳамияти ва афзалликлари хусусида гапиришди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда рамзий алвон тасма қирқилиб, иштирокчилар ҳамда меҳмонлар, аҳоли янги барпо этилган ер ости йўлини кўздан кечирди. 

Янги қуриб битказилган иншоотнинг умумий қиймати 12 миллиард 864 миллион сўмни ташкил этиб, бу ерда тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги бунёд этилди ва унинг умумий узунлиги – 155 метр, 4 та кириш-чиқиш зиналари мавжуд. Биринчи туннелнинг умумий узунлиги 73,68 метрни, иккинчиси 69, учинчиси 59,44 ва тўртинчиси 50 метрни ташкил этса, ер ости йўлининг эни 5,4 ва баландлиги 2,4 метр эканлиги фойдаланувчиларга катта қулайлик туғдиради. Энг муҳими, ушбу ер ости пиёдалар ўтиш йўлларида имконияти чекланганларнинг ўтиши ҳам ҳисобга олиниб, уларнинг ногиронлар аравачасида бемалол ҳаракатланишлари учун махсус йўлаклар ҳам барпо этилди.

Ушбу туннелнинг қурилиш ишлари энг сўнгги технологиялар асосида ўзида замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган мармар, гранит плиталари, мозаика безакларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Марказий” деҳқон бозорига бир кунда 15 минг нафардан ортиқ аҳоли келиб кетиши, бозор кесишмасидаги йўллардан 11 соат мобайнида ўртача 7700 тадан ортиқ автомобил ҳаракати ҳисобга олинса, янги барпо этилган туннел пиёдалар учун қулайлиги ва хавфсизлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари