Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги даврнинг янги раҳбарлари қандай бўлиши керак?
10:02 / 2022-12-06

Раҳбар ўзи ким? Раҳбар ўзига ишониб топширилган муассаса фаровонлиги, равнақи, ривожланиши ва бу ерда фаолият юритаётган ходимларни тақдири, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кира оладиган, Ватан ва халқ учун оқкўнгил ва соф иймон билан ишлайдиган, ўзи яшаб турган жамияти ва юртини ёрқин келажаги учун бор салоҳиятини ишга соладиган, ҳалол, пок ҳамда тоза виждон соҳибидир.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомизнинг таъбири билан айтганда: “Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, ҳам жонларига мояи дармон бўлғил”. Демак, бундан кўриниб турибдики, раҳбар нафақат ўзини балки қўл остида ишлаётганлар ва халқнинг дарду ташвишларини ўйлаши ва уларни ҳис этиши ҳамда оғирларини енгил қилиши фарз кабидир.  

Бугунги давримиз замонавий технологиялар ва бошқарув усулларидан ташкил топиши ҳам раҳбарнинг масъулиятини ўн баробарга оширади ва ундан замонга ҳамоҳанг бўлиб, замонавий компетенциялар, янгича бошқарув ва ўзгача дунёқарашни талаб этади. Бу эса бошқарувга янги раҳбарларнинг кириб келишини тақозо этади. Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, янги раҳбар фаолиятининг энг муҳим йўналиши халқнинг дардини эшитиш ва масалаларини ҳал этиши, бунинг учун тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш, халқ билан маслаҳатлашиб ишлаши зарур.  

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Унда давлат фуқаролик хизматчиси ўз устида ишлаши, замонавий билим-кўникмаларни ўзлаштириши, танқидий ва мантиқий фикрлай оладиган, ўзининг касбий компетенцияларини мунтазам равишда ошириб бориши шартлиги баён этилди. Раҳбар ҳар қандай вазиятларда ҳам оғир-босиқ, маънан етук, оила ва жамиятда ўзгаларга ўрнак бўладиган, ўзининг, ўзгаларнинг ҳамда Ватанининг нуфузига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам қатъий риоя этиши, шунингдек, жамоани ўзини орқасидан ҳақиқий лидерлардек эргаштира олиш қобилиятига эга бўлмоғи даркор. Агар раҳбар ўз устида ишлашдан тўхтаб қолса, у нафақат ўзининг ривожланиши, балки ташкилотининг ҳам ривожланишига тўсиқ бўлади. Бу эса, ташкилотда турли хил келишмовчиликлар, тушунмовчиликлар, сансалорликлар ва албатта, таназзул эшиклари очилишига сабаб бўлади.  

Дарҳақиқат, раҳбарлик лавозимига келаётган ҳар бир шахс ўз манфаатларидан ватан манфаатини, халқ манфаатини биринчи ўринга қўйиши, эл дарди билан яшаши керак. Шундагина у ишончни оқлаб, чинакам ватанпарвар, яхши раҳбар бўла олади. Янги давр бу-янги технологиялар, янгича шаҳарсозлик, янгича инфратузилмалар ва янгича бошқарув шакллари демакдир. Шундай экан, янги раҳбарларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга муҳим эътибор қаратиш зарур. Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг саъй-ҳаракатлари билан Миллий кадрлар захирасини шакллантириш борасида амалий ишларга киришилди. Давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби йўналишларда дастлабки қадамлар қўйилди. Энди соатлаб йиғилишлар ўтказиш, ўзи ва ходимларнинг вақтига хиёнат қилишнинг вақти ўтди.  

Бугунги замонавий раҳбар қуйи бўғинга тушиб, долзарб муаммолар ва ташаббусларни жамоаси билан бирга баҳам кўриб, халқ ичига кириб, ишлаш даври келди. Зеро, шу каби масъулиятни ҳис қилмас эканмиз, Абулқосим Замахшарий айтганидек: “Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур”.  

 

Саидфарруҳ Исломов,  

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Фарғона вилояти филиали раҳбари. ЎзА