Янгиланиш даврида халқимизга энг тўғри йўл кўрсатгувчи йўлбошчи бўла олган Бош қомусимиз ўтган чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида чин маънода ренессансга – ўз тараққиёт босқичига юз тутди.

Зеро, янгиланган давр, ўзгараётган инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари, мустаҳкам пойдеворга эга бўлган фуқаролик жамияти, унинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси учун энг муҳим эҳтиёж эди бу зарурат.
«Янги Ўзбекистон» деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинган бир пайтда Бош қомусимиз ҳам ушбу тарихий бурилиш жараёнига кириб келди. Албатта, бу ўзгариш заминида юртдошларимизнинг ўзгарган дунёқараши, юксалаётган инсон қадр-қиммати ва эрки мужассам.
Ҳақиқатки, халқимиз ҳаётга катта ишонч ва умид билан қарашни ўрганди. Одамларни рози қилиш тамойили устувор, инсон манфаатлари эса олий қадрият даражасига кўтарилган бу даврда ватандошларимизнинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳам баландлади. Бинобарин, бу кўтаринки руҳ бир миллат, якдил эл сифатида ташлайдиган келгуси қадамларимизга шиддат бағишламоқда.
Албатта, бугун мева бераётган дарахтнинг кечаги мустаҳкам илдизлари бўлади. Хусусан, сўнгги йилларда қўлга киритган ютуқларимизни мушоҳада этсак, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳозирда муаммо эмас, оддий кундалик эҳтиёжга айлангани, қардошларимиз, ён қўшниларимиз билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга ўтгани – буларнинг барчаси кўз ўнгимизда содир бўлди. Эндиликда бу ислоҳотларнинг бардавомлиги Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди. Демакки, конституциявий ҳимоя орқали бу ҳуқуқ ва эркинликлар, фаровон ҳаётимиз йўлидаги ўзгаришлар фарзандларимиз, келажак авлод ворислари учун ҳам кафолатга эга.
Шукрки, кўплаб мамлакатлар олдида зиддиятлар, сиёсий қарама-қаршиликлар, иқлим, соф табиат, яшаш учун тинч жой, озиқ-овқат топиш, соғлиқни сақлаш, сифатли таълим олиш каби масалалар глобал муаммога айланган бир вақтда бугун мамлакатимизда 40 миллионга яқинлашиб бораётган халқимиз тўйлар қилиб, элга дастурхон ёзмоқда, маҳаллаларда ҳашарлар, байрамлар овози-ю болажонларнинг беғубор кулгуси янграмоқда. Тунда эртадан хавотиримиз йўқ, осуда уйқуга ётамиз, тонгда эса ўзимиз истаган ишимизни бировнинг қаршилигисиз, аралашувисиз эркин ва хотиржам бажаришга киришамиз. Хотиржамлик, тинчлик қандай ширин бахт, шундай эмасми...
Барчамизга яхши маълумки, мамлакат Конституцияси ўз-ўзидан бунёдга келмади, ўзимизнинг, қоракўз халқимизнинг дилидагини олиб, унинг хоҳиш-иродасини ишонч билан, лафз ва кафолат билан ўзига шундай қайтарилдики, бу билан Бош қомусимиз чин маънода “халқ конституцияси” шарафига муносибдир.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА