Президент топшириғи – амалда
Президентимиз Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди. Мазкур тадбир бухороликлар учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди. Шу боис жараённи бухороликлар катта ҳаяжон ва кўтаринки руҳда кузатди.

Президентимизнинг 2024 йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида “Янги Бухоро” халқаро аэропортини қуриш ҳақида муҳим топшириқ берган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро туманидан янги халқаро аэропорт ҳамда унга олиб борувчи автомобиль йўлларини қуриш учун жами 370 гектар ер майдони ажратилди.

Лойиҳага кўра, бу ерда узунлиги 3,3 километр бўлган барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятига эга бўлган учиш-қўниш йўлаги, соатига 1200 йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган аэровокзал биноси қурилади. Умуман, 226 миллион АҚШ долларлик лойиҳа жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмасини ташкил этади.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, амалий ишларнинг бошланганлиги муносабати билан Президентимизга бухороликларнинг миннатдорлигини етказди.
Таъкидланганидек, тарихий аҳамиятдаги муҳташам объектнинг бунёд этилиши бухороликларнинг туризм, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолиятларини янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, транспорт-логистика, аҳоли ва юк ташиш хизматлари яхшиланади.
Зариф Комилов, ЎзА