ФОТОРЕПОРТАЖ
Миграция агентлигининг Бухоро ҳудудий филиали ва Ўзбекистондаги Япон маданият маркази Бухоро филиали ҳамкорлигида Япония делегацияси – “Aichi Cooperative League of Commerce and Industry”, “International Partnership Center (IPC)” ҳамда “Kamiyama Gakuin Japanese Language School” компаниялари вакиллари ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Япония ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб боришга жалб этиш ва ташкилий ишга юбориш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар ўртасида бандликни ривожлантириш, малака ошириш ва ўқувчиларни халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар ўзаро келишувни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
[gallery-26004]
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, вилоятнинг Шофиркон туманида 45 нафардан иборат 3 та гуруҳ шакллантирилиб, қурилиш, ҳайдовчилик, қарияларни парваришлаш йўналишларида япон тили курслари йўлга қўйилди. Япон тилини ўқитиш учун илк маротаба хорижий мутахассис – Такаги Ясуо жалб қилинди.
Япониялик меҳмонлар Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида бўлиб, унинг йўналишлари, ўқув жараёни ва ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Ташриф доирасида “Kamiyama Gakuin Japanese Language School” марказининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур ўқув маскани фуқароларни хорижда, хусусан Японияда ишлаш ва фаолият юритишга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Бу ерда япон тилини чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш, япон маданияти, урф-одатлари ва ишбилармонлик муҳитига мослашув бўйича махсус курслар ташкил этиш, халқаро меҳнат бозорида талаб этиладиган касбий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА