Жомбой туманидаги “Боғбон” ин-витро лабораториясида Самарқанд вилоятида боғдорчилик, узумчилик, иссиқхона ва кўчатчилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кучайтириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Туманлар қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, фермер ва боғбонлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган тадбирда саноатлашган интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш, замонавий технологиялар асосида кўчат етиштириш, иссиқхона хўжаликларида самарадорликни ошириш ҳамда дала четларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда инновацион ёндашувлар, лаборатория шароитида кўчат кўпайтиришнинг афзалликлари ва амалий натижалари юзасидан маълумот берилди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Б.Жабборовнинг қайд этишича, жорий йилда вилоятдаги иқтисодий самарасиз, кам ҳосилли 1,1 минг гектар мевали боғ ва 1,7 минг гектар узумзор реконструкция қилинади. 1,4 минг гектар мевали боғ, 1,3 минг гектар токзор янгидан барпо этилади. Бу майдонларда асосан ин-витро усулида тайёрланган кўчатлар экилади.

Семинарда олимлар, соҳа мутахассислари ин-витро усулида кўчат етиштиришнинг афзалликлари ва самарадорлиги, ушбу ниҳолларни экиш ва парваришлашда эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар юзасидан боғбон ва фермерларга маслаҳат, тавсиялар берди.


Тадбир давомида иштирокчилар “Боғбон” ин-витро лабораторияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Кўчат етиштириш жараёнлари, уларнинг сифат ва ҳосилдорликка таъсири бўйича мутахассислар билан фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари