Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги бино ёш боксчилар ихтиёрида
11:45 / 2025-07-16

Нукусда янгидан барпо этилган бокс маҳорат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда спортни, шу жумладан, боксни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

[gallery-24335]

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бокс ривожланмоқда. Рашид Сейтов, Икром Шамуратов, Шароф Айтбоев, Асқар Жуманов ва бошқа фидойи мураббийлар сайъ-ҳаракати билан бокс билан шуғулланаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Улар турли мусобақаларда фаол қатнашмоқда. Жумладан, Келажаги порлоқ ёш боксчи Мадияр Данияровнинг жорий йил катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 60 килограмм вазнда олтин медални қўлга киритгани Қорақалпоғистон бокс тарихида янги саҳифа очди. Ҳозирги кунда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 18 нафар қорақалпоғистонлик спортчи бўлиб, шундан 8 нафари асосий, 10 нафари захира таркибига киритилган.

Нукус шаҳри марказида 3,1 миллиард сўм маблағ сарфланиб янгидан қурилган бокс маҳорат мактаби биноси Ватанимиз байроғини дунё ареналарида баланд кўтарадиган спортчиларни тарбиялашга хизмат қилади. Бинонинг очилиш маросимида иштирок этган нуронийлар, фахрий спортчилар ёш спортчиларга яратилган шароитлар билан танишди  ва бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Қорақалпоғистон чемпионатини томоша қилди.

Маълумот учун, Нукус шаҳридаги гимнастика маркази, кураш маҳорат мактаби, турон ўйингоҳида ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда. Эндиликда қорақалпоғистонлик  ёшлар барча қулайликларга эга замонавий спорт залларида машғулотлар олиб боради.

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА