Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги барпо этилаётган Самарқанд халқаро аэропортини жорий йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган
23:43 / 2021-04-15

Айни пайтда Самарқанд халқаро аэропортида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2019 йили вилоятга ташрифи чоғида ушбу “ҳаво бандаргоҳи”ни модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Лойиҳа доирасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилиши белгиланган. Бугунги кунда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда.

[gallery-2053]

Янги терминал бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 400 нафар эди. Турли катталикдаги самолётлар учун 24 та тураргоҳ барпо этилмоқда. Шундан учтаси “ҳаво кемалари”га музлашга қарши ишлов бериш учун мўлжалланган бўлади. Аэропортда карго хизмати ҳам йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, юк ташиш рақобатбордошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Янги аэропортни жорий йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шундан сўнг, у “очиқ осмон” режимида тўлиқ ишлай бошлайди. 1000 киши иш билан таъминланади.

Самарқанд халқаро аэропорти 1967 йилда қурилган.

Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА