Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Янги банк" омонатчиларига 29 январдан кафолатланган тўловлар бошланади
16:32 / 2026-01-27

Марказий банк томонидан “Янги банк” АЖ фаолияти тугатилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга қаратилган матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, яқинда “Янги банк” ўз фаолиятини расман тугатди. Банкнинг тугатилиши ортидан, омонатчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга компенсация тўлаш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” (БРБ) агент‑банк сифатида белгиланди.

БРБ бу вазифани аввал ҳам самарали бажариб келган. У Қишлоқ қурилиш банки номи остида банкрот бўлган ва ёпилиб кетган бир нечта банклардаги омонатчилар учун агент‑банк вазифасини амалга оширган.

Компенсация тўловлари учун омонатчилардан ҳеч қандай қўшимча тўловлар талаб қилинмайди. Барча тўловлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари асосида ва белгиланган тартибда амалга оширилади.

Компенсация тўловларини олиш тартиби қуйдагича: Жисмоний шахслар учун БРБ мобиль иловаси орқали онлайн тарзда бошқа банк картасига пул ўтказиш ёки БРБ банк хизматлари марказларига мурожаат қилиб, нақд пул шаклида олиш имконияти яратилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун БРБ банк хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали, ушбу банкда ҳисобварақ очиш ёки бошқа банкдаги ҳисобварақига пул ўтказиш имконияти яратилади.

Шунингдек, омонатчилар ўз хоҳишига кўра маблағларни БРБнинг омонат маҳсулотларига ҳам жойлаштириши мумкин. Бу уларга маблағларини самарали бошқариш имконини беради.

Матбуот анжуманида маълум қилинганидек, кафолатланган омонатлар 2026 йил 29 январдан тўланади. Барча жараёнлар режа асосида ва қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади, омонатчилар ҳуқуқлари эса тўлиқ ҳимоя қилинади.

Компенсация ва омонатлар ҳақида батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлиги расмий веб-сайтидан олиш мумкин. Омонатчилардан сўровлар ва мурожаатлар ҳам шу манбалар орқали қабул қилинади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА