Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги 1/1-сонли қарорига кўра, “Yangi bank” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси бекор қилинди.
Қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли самара бермагани туфайли қабул қилинди. Хусусан, банк устав капитали қонунчиликда белгиланган минимал талаб даражасига етказилмаган ва банклар фаолияти учун белгиланган бир қатор талаблар бажарилмаган.
Қонунларга мувофиқ, банк фаолиятини расмий тартибда тугатиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва унинг фаолиятини бошқариш ваколатлари берилди. Бу чоралар мижозларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Марказий банк маълумотига кўра, “Yangi bank”даги 32 минг 526 нафар омонатчидан 32 минг 153 нафари давлат кафолати билан пулларини тўлиқ қайтариб олади. Бу омонатчилар банкда 200 миллион сўмгача бўлган маблағларни топширган.
Бироқ, 373 нафар омонатчининг пули 200 миллион сўмдан юқори бўлиб, уларга маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади. Шу боис, ҳар қандай омонатчи банкда 200 миллион сўмдан ортиқ пул топширишдан олдин рискларни баҳолаши зарур.
Омонат маблағларини қайтариб олиш учун Омонатларни кафолатлаш агентлигига мурожаат қилиш мумкин.
“Yangi bank”нинг банкротликка тушиши асосий сабаблари, устав капитали талабга жавоб бермаган (355 млрд сўм, камида 500 миллиард сўм бўлиши шарт эди). Бир нечта огоҳлантиришларга қарамай, капитал оширилмаган. 2025 йилнинг 9 ойида банк 95,4 миллиард сўм зарар кўрган, яъни фаолияти бошиданоқ молиявий жиҳатдан заиф бўлган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрда “Евроосиё банк”нинг лицензияси ҳам чақириб олинган эди. Ҳозирда Ўзбекистонда фақат 34 та банк фаолият юритмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА