Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида IV устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.
Дастлаб тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқув режалари, дастурлар, дарсликлар, ўқув жараёнига тадбиқ этиладиган илғор методикалар билан педагогларни таништириш мақсадида ўтказилган форумда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган 250 нафар ўқитувчи вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби, умумтаълим мактаблари томонидан ташкил этилган кўргазма билан танишдилар.
Форумнинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев сўзга чиқиб, вилоятда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-24769]
Таъкидланганидек, 2024 йилда 74 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 7104 та ўқувчи ўрни яратилган бўлса, 13492 та мавжуд ўқув ўринлари мукаммал таъмирланиб, мазкур ишларга 182,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 9,1 миллард сўм сарфланди. Бундан ташқари, 41 миллард сўмдан зиёд “Ташаббусли бюджет” ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 37 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари моддий техник базаси мустаҳкамланиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш тизими йўлга қўйилган 11 та мактабга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 558,4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 20 номдаги 200 дан ортиқ жиҳозлар олиб берилган бўлса, 1 миллиард сўмга 72 та мактабнинг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик синф хоналари бирламчи ҳарбий-таълим воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.
– Таълим сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида Навоий вилояти республикада кучли учталикдан ўрин эгаллаган, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова. – 2024 йилда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган тарбиячи ва педагогларнинг 13 минг 654 нафари ўз йўналишида олий, 1- ва 2-тоифага эга бўлган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагига келиб тоифали ўқувчиларимиз 14 минг 252 нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, вилоятимиздаги 1870 нафар чет тили ўқитувчисининг 1627 нафари миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу кўрсаткич 87 фоизга етказилди.
2024-2025 ўқув йилида вилоятдаги 60 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилган бўлса, кейинги ўқув йилидан янги баҳолаш тизими қўшимча 90 та мактабда ташкил этилиб, мактаблар сони 150 тага етказилади.
Тадбир доирасида шаҳардаги 23-умумий ўрта таълим мактабида 19 та фан йўналишида шуъба машғулотлари ташкил этилиб, умумтаълим мактабларининг энг сара педагоглари Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг илғор ўқитувчилари билан ҳамкорликда маҳорат дарсларида иштирок этишди.
Ушбу форумнинг давоми каскад усулида 19-20 август кунлари туман (шаҳар)лар миқёсида, 25-29-август кунлари эса барча таълим муассасаларида ташкил этилиши режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири