Президент таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини умумтаълим мактабларига жорий қилиш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан Бухоро вилоятида дастлаб 28 та мактабда, 2024-2025 ўқув йилида эса 126 та мактабда янги баҳолаш тизими татбиқ этилган эди.
Янги 2025-2026 ўқув йилида яна 146 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилиб, бундай мактаблар сони 300 тага етади. Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилган “Мезонларга асосланган баҳолаш” мавзусидаги семинар-тренингда айнан янги баҳолаш тизимига ўтаётган 146 та мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда информатика фани ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбир очилишида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев, Бухоро давлат Педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ишчи гуруҳи раҳбари Арслонбек Раҳмонқулов сўзга чиқиб, бугунги кунда таълим тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, умумтаълим мактабларида янги баҳолаш тизимининг жорий этилиши, унинг афзалликлари хусусида тўхталиб ўтди.

Семинар-тренинг жараёнида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази мутахассислари томонидан мезонларга асосланган баҳолаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари, баҳолаш мезонларини белгилаш тартиби, янги баҳолаш тизимини амалиётда самарали қўллаш бўйича маълумот берилди.


Янги баҳолаш тизими кириб келиши педагог ва ўқувчилар фаолиятини тубдан ўзгартиради. Педагог билим берувчи эмас, балки билимни мустақил эгаллашга йўналтирувчи шахсга айланди. Улар сифатли натижаларга олиб келадиган мезонлар асосида ўқувчиларни баҳолаш, ўқитиш сифатини ошириш, уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ўқувчи учун машғулот ҳажмини режалаштириш, турли баҳолаш усулларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.