ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат педагогика университетида “Ўқитиш ва билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш” мавзусида ўқув-тренинг бўлиб ўтди.
“Мезонларга асосланган баҳолаш” тизимини чуқур ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга қаратилган машғулотда баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган умумий ўрта таълим мактабларининг раҳбарлари ҳамда педагог ходимлари фаол иштирок этди. Ўқув машғулотлари Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази малакали мутахассислари томонидан олиб борилди.
[gallery-24920]
Маҳорат дарслари давомида мезонларга асосланган баҳолаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари, баҳолаш мезонларини белгилаш тартиби ҳамда янги тизимни амалиётда самарали қўллаш йўллари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билимини адолатли ва шаффоф баҳолаш жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан. Шу боис, мазкур тренинглар ўқитувчилар малакасини ошириш ва ўқув жараёнида замонавий ёндашувларни қўллашда катта аҳамият касб этади.
Тадбирда таъкидланишича, жорий йилда вилоятдаги жами 236 та умумий ўрта таълим мактабида баҳолашнинг янги тартиби босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА