Янги ҳаёт маҳалласи 3 миллион сўм хайрия қилди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Ушбу қишлоқ туман марказидан 50 километр узоқликда жойлашган. Шу боис пандемия даврида маҳалла фаоллари ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда қишлоққа кўчма савдо дўконлари орқали озиқ-овқат маҳсулотлари айниқса, ун, ёғ, картошка ва пиёз каби кундалик ҳаёт тарзи учун эҳтиёж юқори бўлган маҳсулотлар босқичма-босқич олиб келиб, арзонлаштирилган нархда сотилмоқда.
Тиббиёт ходимлари томонидан ҳар бир хонадонда дезинфекция ишлари пешма-пеш олиб борилмоқда.
Куни кеча маҳалла аҳли яна бир хайрли ишга қўл ўрди.
- Маҳалламиз одамлари ҳар доим аҳил бўлган, - дейди маҳалла раиси Шерзод Боллиев. – Фуқароларимиз ўз ташаббуслари билан 3 миллион сўм пул йиғиб беришди ва бу маблағни Коронавирусга қарши курашиш жамғармасига хайрия қилдик. Мана шундай синовли кунларда бир ёқадан бош чиқариб, бир оз бўлсада савобли ишларга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз. Маҳалламизда истиқомат қилаётган ҳар бир хонадон эътиборимизда. Айниқса қишлоғимиздаги 12 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан мунтазам равишда хабар олиб турибмиз. Ташаббускор тадбиркорларимиз ҳам қараб тургани йўқ. Қўлидан келганча ёрдам қўлини чўзмоқда, барака топсин. Насиб этса, бу кунларни енгиб ўтамиз.