Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан келаётган мурожаатларни ўрганиб, тегишлилиги бўйича ҳал этиш адлия идораларининг устувор мақсадларидан биридир. Шу маънода, Наманган вилояти адлия бошқармасига келаётган ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти.
Жумладан, Уйчи туманида яшовчи Исматилла Рустамовнинг “Uzavtosanoat” акциядорлик жамияти томонидан сифатсиз бўлган “Дамас” автомобили етказиб берилганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
– Аниқланишича, фуқаро дилерлик шартномаси бўйича “Uzavto motors” АЖ номидан қонуний тижорат вакилликни амалга ошириб келаётган Улуғбек Бекмирзаев билан жорий йилнинг 7 январь куни “Дамас-2” русумли автотранспорт воситаси етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаган, – дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Фозилжон Жўрабоев. – Келишувга асосан фуқаро томонидан автоулов учун 78 миллион 283 минг сўм тўлов амалга оширилган. 10 май куни Наманган шаҳрининг “Марғилон” кўчасида жойлашган “Chust-avtotexxizmat N” масъулияти чекланган жамияти томонидан харидорга машина етказиб берилган. Бироқ харидор анчадан буён кутган автомобиль техник носоз бўлиб чиқди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқарога берилган сифатсиз машина “Chustavtotexxizmat N” МЧЖ томонидан янги, тўла соз ҳолдаги “Дамас”га алмаштириб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА