Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги авлоднинг етакчи вакиласи…
07:59 / 2020-07-05

"Феруза Маҳмудовага ўхшаган элчи бўламан!"


Қашқадарё вилояти ҳокимлигида. Мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчиларига вилоят раҳбари мурожаатнома билан чиққан куни...Фаол ёшлар, битирувчилар жам бўлган. Ички ҳаяжони ва тўлқинланиб тургани сезилиб, кўзида қувонч порлаб турган ўқувчидан сўрайман:

– Байрам муборак, хўш энди ким бўлмоқчисиз, Кумушхон қизим?

– Менми, Феруза Маҳмудовага ўхшаган элчи бўламан! - атрофдагилар бирдан шу томонга қаради. Ёш юракдаги қайноқ ҳарорат беихтиёр бизга ҳам кўчди.

– Яшанг, балли.

– Ўз она тилимдан ташқари рус, инглиз тилларини мукаммал биламан. Ҳали ўқишга кирсам, испан, немис тилларини ўрганмоқчиман. Карантин пайтида ўрганишни бошлаб ҳам қўйдим, вақтда фойдаланиш учунда...

Кўксида олтин медаль, қўлида бир даста гул – энтикиш билан сўзлаётган битирувчи қизни тинглар эканман, кўз ўнгимда яқиндагина Сенат қарорига кўра, мамлакатимизнинг Исроил Давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тасдиқланган Феруза Маҳмудова сиймоси гавдаланди.

Елкасида товланиб турган хонатлас, қатъиятни муҳрлаган ўткир нигоҳ, юзида зукколик зуҳур топган камтар қиёфа...

Оқила аёлларимизнинг янги авлоди етакчи вакиласи сифатида мана у қанчадан қанча қизларимиз қалбига илм даъватини, ўзига ишончни олиб кира олди. Эрта учун дадил интилаётган, ойдин манзилларни кўзлаган ўғил-қизларимизга жонажон Ватан корига ярашнинг ортида қанчалик меҳнат борлигини, бу ҳар недан азиз ва саодатлироқ эканини исботлаган дипломат хоним.

Интилган, ўз устида ишлаганлар, талаб ва маррани катта қўйганлар - Янги Ўзбекистонда ҳамиша олқиш ва обрў топа олишига умидбахш ғайратни уйғотди. Бу ибратли сабоқ – улуғвор ҳавасларнинг рўёбга айланиши учун чинакам тимсол бўлибди. Юрак деб аталмиш пок назаргоҳга яхшилик уруғи экилган, у йиллар ўтиб ўз мевасини беради, яъни илми, билими билан келажак сари отланган мана шу ўғил-қизларимизнинг ҳаётида, фаолиятида.

Маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий бир мақоласида шундай дейди: "Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас". Дилида юксак аҳд, ишонч ва қатъият билан келажак сари одимлаётган дилбандларимиз қалбидаги ҳаваслари тугал мақсадга айланиши учун бугун бори имконият, шарт-шароит яратиб берилмоқда. Муҳими, ибрат, намуна бўлаётган фидоийларнинг борлиги бизни қувонтиради. Замонлар ўтиб мана шу ёшлар юксак минбарларни эгаллайди. Ўшанда, эгнида атлас либос,хорижда ўтказилаётган анжуманда бийрон сўзлаётган Кумушхондек зуккогиналарни кўрганим чоғ, ўзбек элчи хоними Феруза Маҳмудова каби оқила аёллардан мамнун бўламан. Ибрат бўлгани, келажак манзиллари тарихини чизишдаги ташаббускорлиги, илм ҳамиша ғолиб эканини исбот экани учун...

Зиёда АМИНОВА,
журналист