Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
Оламнинг бори шу: Зулмат билан Нур,
Ҳамда барчасини бунёд этган Зот.
Қанча ҳақ бўлмасин онгу тафаккур,
Мутлоқ бошқа экан яшаш ва ҳаёт.
Боённи кўрганда эмаклаб ҳар он
Кунини ўтказган қанчалар одам.
Бу қавм дўст бўлмас асло, ҳеч қачон,
Айт-чи, зарурмикан улар сенга ҳам?
Довуллар умрингни совурди бутун,
Етмади бардошинг, сабру тоқатинг.
Энди, бари бирдир кундуз билан тун,
Энди, ортиқчадир қўлда соатинг.
Қофия ахтариш балки нодаркор,
Шеърдан азизроқдир ақча жаранги.
Лекин туғруқхона деган бир юрт бор,
Унинг фуқароси тамоман янги.
У ҳали билмайди ушбу дунёни,
Билмайди савоб не, нимадир гуноҳ.
Юмуқ кўзларида асрар зиёни,
Унинг истиқболин қўриқлар Илоҳ.
Шоир, тушкунликка тушмагин асло,
Тирик юрганингга шукур қил албат.
Энг гўзал, энг ноёб шеърингни аммо
Ўша, янги авлод номига жўнат!
2015 йил 4 июнь