Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури”ни амалиётга жорий этиш ишлари билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига ташриф буюриб, соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 225-бандида умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури”ни жорий этиш вазифалари белгиланган. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан илғор халқаро тажриба асосида “Миллий ўқув дастури”ни тузиш ҳамда мазкур дастур асосида 2021–2022-ўқув йилининг 1 сентябригача 1¬–2-синф ўқувчилари учун етти тилда янги авлод дарсликларини ҳамда мазкур синфларда дарс берувчи ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаларини яратиш ва нашр этиш соҳасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги дарсликларда бир қатор камчиликлар борлиги кузатилади. Жумладан, дарсликда ўқув дастурининг боб ва мавзулари тўлалигича ўз ифодасини топмаганлиги, мавзуларнинг ўқув режадаги дарс соатларига номутаносиблиги, дарслик мазмунида миллий ғояларнинг тўлалигича сингдирилмаганлиги, мавзу, савол ва топшириқларнинг кетма-кетлиги ва узвийлиги таъминланмагани, ўқув материаллари замонавий ва қизиқарли усулларда баён этилмаганлиги, матн ва иллюстрацияларнинг ўзаро уйғун эмаслиги, дарслик материалларининг амалиёт, теварак-атрофдаги ҳодисалар, воқеалар ва касбга йўналтириш билан боғлиқлигини таъминланмагани каби камчиликлар ҳамда имловий ва услубий хатоликлар мавжуд.
Дастурий вазифаларида таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилган “Адолат” СДП вакиллари ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида ўрганишлар олиб борди. Мазкур ўрганишлар давомида нафақат дарсликлардаги хатоликлар, балки айрим мактабларда дарсликларнинг етарли эмаслиги, кутубхоналар талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланди.
— Андижон вилоятидаги 764 та мактабдан 576 таси ўрганилганда, ўқувчилар 96 фоизга, Бухоро вилоятининг 9 та туманидаги 347 та мактабдан 345 таси ўрганилганда, ўқувчилар 97 фоизга дарсликлар билан таъминланганлиги маълум бўлди, — дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Таваккал Чориев. — Шунингдек, Қоракўл туманидаги 23, 50-умумтаълим мактабларида ва Олот туманидаги 4, 35-умумтаълим мактабларида алоҳида кутубхонанинг йўқлиги, кутубхона ўқитувчилар хонасида жойлашганлиги аниқланди. Жиззах вилоятида ўрганилган 426 та мактабнинг ўқувчилари 96 фоизга дарсликлар билан таъминланган. Самарқанд вилоятидаги
1 255 та мактабнинг ўрганиш олиб борилган 1 224 тасида мактаб ўқувчилари 96,8 фоизга дарсликлар билан таъминланган. Сирдарё вилоятидаги 313 та мактабдан 305 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96 фоизга дарсликлар билан таъминланганлиги аниқланди. Сурхондарё вилоятида эса 919 та мактабдан 813 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96 фоизга дарсликлар билан таъминланганлиги аниқланди.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Адолат” СДП фракциямиз Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига хат билан мурожаат қилган эди. Вазирлик фракциямиз мурожаатини эътиборга олиб, амалдаги дарсликлардаги камчиликларни бартараф этишга киришди. Бугунги кунда партиянинг таклифлари дарсликларни яратиш ва нашр этиш соҳасида ижобий натижа бермоқда, — дейди депутат.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига ташрифи давомида “Миллий ўқув дастури”нинг жорий этилиши ҳолати, ўқув адабиётларнинг яратилиши ҳамда нашр этилиши, “Миллий ўқув дастури”нинг халқаро экспертлар ва амалиётчи ўқитувчилар иштирокида синовдан ўтказилганлиги, улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг инобатга олинганлиги ҳолатларига алоҳида эътибор қаратишди, муаллифлар билан мулоқот қилдилар. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг “Миллий ўқув дастури” асосида яратилган ўқув адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланганлиги масалалари ҳам ишчи гуруҳи диққат марказида бўлди.
Ташриф давомида соҳа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ташкил этилиб, мавжуд масалалар муҳокама қилинди. Соҳани ривожлантиришда зарур қонунчиликни такомиллаштириш ва таклифларни амалиётга жорий этишда депутатлар тайёр эканлиги билдирилиб, доимий ҳамкорликда ишлаш масалаларида келишиб олинди.
[gallery-3477]
Муҳтарама Комилова, ЎзА