Таълим мазмунини такомиллаштириш ва ўқувчилар билим самарадорлигини оширишда дарсликлар таъминоти, янги авлод дарсликлари ҳамда ўқув қўлланмаларининг яратилиши муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, республикамиздаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг давлат стандартлари ҳамда талаблари асосида янги авлод дарсликлари ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси қониқарлими
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда давлат бюджетининг харажатларида умумтаълим соҳаси етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларнинг моддий-техник базаси, соҳа ходимлари учун шарт-шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бораётган бир шароитда таълим сифати ва натижадорлик кутилганидек бўлмаган
Бунинг асосий сабабларидан бири мактаб дарсликларини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда йўл қўйилаётган жиддий камчиликлар, хатолар ва бошқа мавҳумликлар бўлган. Ўқув-методик ва дарсликлар сифатини ошириш ҳамон долзарб масалалардан
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, янги йилдан бошлаб умумий ўрта таълимнинг ўқувчиларни мустақил фикрлашга ундайдиган Давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва ўқув режалари қайтадан кўриб чиқилиб, такомиллаштирилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан 4 та синф учун 60 миллион нусхадаги янги авлод дарсликлари белгиланган муддатда ўқувчиларга етказилади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 майдаги “2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун янги авлод дарсликларини 2022 йил якунига қадар яратиш вазифаси белгилаб қўйилган. Олиб борилаётган ишлар натижасида ушбу дарсликлар йил якунига қадар эмас, балки ноябрь ойига қадар ўқувчилар қўлида бўлади.
Режага кўра, йил сўнгига қадар 420 номдаги ўқув-методик мажмуалар, жумладан, 248 та дарслик, 146 та методик қўлланма, 26 та машқ дафтари тайёрланиши белгиланган. Бугунги кунга қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфларда ўтиладиган 16 та фан бўйича 7 та тилда жами 300 номда, жумладан, 248 номдаги дарслик, 26 номдаги машқ дафтари ва 26 номдаги ўқитувчи китоблари тайёрланди. Шунингдек, жорий йилда илк бор 3-синфлар учун ҳам дарслик, машқ дафтари ҳамда ўқитувчи китоблари ягона мажмуа сифатида тайёрланди ва чоп этилди.
Жорий ўқув йилининг I чорак якунига қадар республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари юқорида санаб ўтилган 4 та синф учун янги авлод дарсликлари билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган. Унга қадар режага мувофиқ, мактабларда мавжуд бўлган, амалдаги дарсликлардан фойдаланилади.
Дарсликларни тайёрлашда хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга жорий этиш бўйича Cambridge University Press нашриётининг ўқув-методик мажмуалари тажрибасидан фойдаланилди. Хусусан, Инглиз тили (1-11-синфлар учун) дарсликлари тўлиқ комплектацияда мослаштирилди ва нашрга тайёрланди.
Таълим тили рус бўлмаган синфлар учун 2–11 синф рус тили дарсликлари, ўқитувчи китоби ҳамда машқ дафтарлари, жами 25 номдаги адабиётларнинг оригинал макет лойиҳаси Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан тайёрланди. Шунингдек, немис тили ўқитиладиган синфларда жорий йилда Германиянинг “Klett” нашриётининг 11 номдаги Немис тили дарсликлари амалиётга киритилади.
Янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратишга 325 нафар муаллиф, хусусан, 133 нафар амалиётчи ўқитувчи, 19 нафар методист ва 56 нафар олимлар жалб этилган. Шунингдек, дарсликларни тайёрлаш жараёнида 45 нафар муҳаррир, 53 нафар мусаҳҳиҳ, 19 нафар рассом, 15 нафар дизайнер ҳамда 19 нафар саҳифаловчи фаолият олиб борди.
Дарсликлар шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай ўзгарган ва бу ўзгаришларда халқаро миқёсда тан олинган ривожланган давлатлар дарсликларининг ютуқлари инобатга олинган. Энг муҳими, мактабларимизга янги дарсликлар орқали янги методика – ўқитиш ёндашуви кириб бормоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, тарих фани дарсликларида формацион ёндашувдан цивилизацион ёндашувга ўтилди. Натижада, ўқувчи нима, қачон, қаерда саволларидан ортиб, нега, қандай қилиб, нима сабабдан каби саволлар атрофида мулоҳаза юритади.
Математика фанида арифметик амаллардан кўра, ўқувчида мантиқий тафаккурни ривожлантириш методикасига ўтилмоқда. Натижада ўқувчи олган билимларини ҳаётий вазиятлар билан боғлай олади. Она тили фани ва ўқиш саводхонлигида мулоқот кўникмаларини ривожлантириш мақсад қилинган бўлса, Тасвирий санъат фани дарсликлари билан ўқувчилар эндиликда компьютер графикасида ишлашни ўрганади.
Табиий фанлар — Биология, Кимё, Физика фанларида лаборатория, кузатув, муаммога ечим топиш, лойиҳаларни амалга ошириш, намойиш қилиш каби ўқувчида тадқиқотчилик, олимлик хусусиятларини ривожлантирувчи методикалар жорий қилинмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА