Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги авлод дарсликлари амалиётчи педагоглар муҳокамасида (сурат, видео)
16:39 / 2023-09-26

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ташаббуси билан ташкил этилган семинар-тренгда вилоятдаги барча умумтаълим мактабларининг бошланғич синф метод бирлашма раҳбарлари, бошланғич синф ўқитувчилари, ўқувчилар, ота-оналарининг вакиллари иштирок этди.  

“Янги авлод дарсликларининг афзалликлари – амалиётчи педагоглар муҳокамасида” мавзусидаги семинар-тренг Жиззах шаҳридаги 22-сонли аниқ фанларга ихтисослашган умумтаълим мактабида ўтказилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб барча 1-4-синф ўқувчилари янги авлод дарсликлари асосида таҳсил олиши назарда тутилган бўлиб, бошланғич синф ўқувчиларининг 770 номдаги дарсликлари 70 миллиондан ортиқ  нусхада чоп этилди. Ана шу ўқув адабиётларидан Жиззах вилоятидаги 1-4 синф ўқувчилари учун 1 миллион 371 минг 937 нусхадаги дарслик олиб келиниб, шундан 1 миллион 303 минг 411 нусхадагиси шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларига тарқатилган. 68 минг 562 нусхадаги дарсликлар эса вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси захирасига олинган.    

Семинарда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган янги авлод дарсликларининг яратилиш жараёни, бошланғич синф ўқитувчилари янги авлод дарсликларидан сабоқ беришда ўқувчиларнинг мукаммал билим олиши учун асосий эътиборни нималарга қаратиши лозимлиги, ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлаш талаб этилиши ва бу билан бугунги бошланғич синфларда таҳсил берувчи устоз ва муаллимларга жуда катта масъулият юклангани алоҳида таъкидланди.  

Тадбир давомида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, айниқса, бошланғич синфда таҳсил олувчи ўғил-қизларимизнинг ўқув қуроллари бўйича ҳам атрофлича сўз юритилиб, худди ўтган йилдагидек, жорий ўқув йилида ҳам ўқувчилар учун дарсликлар бепул тарзда ижарага берилиши, ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан ҳеч қандай ижара тўловлари амалга оширилмаслиги, дарсликлар учун тўловлар давлат бюджетидан қопланиши, мактаб ва ота-оналар ҳамкорлигига жиддий эътибор қаратиш талаб этилиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

Семинарда қатнашган айрим иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқдик:

Нилуфар Эшонқулова, Шароф Рашидов туманидаги 5-сонли умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси:

– Қизим шаҳардаги 22-сонли умумтаълим мактабининг 4-синфини тамомлаб, Жиззахдаги Президент мактабига ўқишга кирди. У назоратим остида бошланғич синфда ўтиладиган барча фанларни, айниқса, математикани жуда яхши ўзлаштириб олган ва бунда мазкур мактабдаги устозларининг хизматлари катта бўлганини алоҳида эътироф этишим лозим.Лекин у танқидий ва мантиқий фикрлашда бироз қийналгани сабабли мутахассисга мурожаат қилиб, бу борада қўшимча сабоқлар ташкил этишга мажбур бўлдик. Бунинг самарасида у Президент мактабига кириш тест-имтиҳонларидан 76 балл тўплаб, 12-ўринда ўқишга кирди. Кичик қизим эса янги ўқув йилидан бошлаб, мана шу 22-сонли мактабга ўқишга қабул қилинди. Мамлакатимизда жорий ўқув йилидан бошлаб бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берилаётган янги авлод дарсликларини ўқитувчи ва, албатта, ота-она сифатида бирма-бир ўрганиб чиққанимизда мураккаблик даражаси борлигини, лекин ўқувчининг танқидий ва таҳлилий фикр юритишига катта эътибор қаратилганини кўрдик. Энди кичик қизим ушбу янги авлод дарсликларида тажрибали устозларидан янги талаблар асосида таълим олмоқда. Умид қиламанки, бошланғич синфни битиргач, унинг билим савияси халқаро талаблар даражасида бўлади.

Янги авлод дарсликлари халқаро таълим стандартлари асосида яратилган бўлиб, ҳар бир дарсликни очиб кўрар эканмиз, унда ўқувчиларни танқидий- таҳлилий фикрлашга, ўзларини эркин тутишга ундайдиган, ҳаётда дуч келадиган муаммолар, воқеалар ёки ҳикоялар ёзилганига дуч келамиз. Тўғриси, янгиланган дарсликлар билан ўқувчиларга мазза қилиб дарс ўтаяпман. Энди янги авлод дарсликлари орқали ўқувчиларимиз Президент мактабларида сабоқ олаётган ўғил-қизлардек танқидий-таҳлилий фикрлашни ўзлаштириб олади.

[gallery-13731]

Замира Абдусаломова, умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:

Бугун бўлиб ўтаётган сменар-тренг 1-синфдан 4-синфгача бўлган ҳар бир фан бўйича жуда ҳам қизиқарли ўтилмоқда. Ушбу тадбирда янги авлод дарсликларнинг қандай яратилганлиги ва сабоқларни ўтиш тартиби ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар берилди. Мазкур семинар-тренгдан ўзимизга кўп нарсаларни олдик. Энди бошланғич синф ўқитувчиси ўзи устида янада мукаммалроқ ишлаши, изланиши кераклиги, ўқувчиларга мукаммал билим бериш учун аввало ўзимиз бунга тайёр бўлишимиз лозимлигини тўлалигича англаб етдик.  

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/ZJUL9tD92wo" title="1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Семинарда бошқа иштирокчилар томонидан ҳам янги авлод дарсликларининг афзалликлари, бу дарсликларнинг ўқувчилар мантиқий фикрлаши ва амалий кўникмалари ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши  алоҳида таъкидлаб ўтилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат,видео),  

ЎзА мухбирлари.