English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги авлод – Бухоро шаҳар ҳокими кубоги”
14:09 / 2026-01-19

Бухорода илк маротаба ёшларнинг техник ижодкорлиги, муҳандислик тафаккури ва инновацион салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган робототехника ва авиамоделлаштириш бўйича “Янги авлод – Бухоро шаҳар ҳокими кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилиб, унда вилоятнинг турли ҳудудларидан 200 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. 

– Ёшларнинг инновацион ғояларга бўлган қизиқиши, техник ижодкорлиги ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида бундай мусобақаларнинг аҳамияти беқиёс. Мусобақа замонавий технологик йўналишлар бўйича қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтди. Беллашувлар давомида иштирокчилар роботларни лойиҳалаш ва дастурлаш, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, механика, аэродинамика ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини амалий тарзда намоён этди. Мусобақа қатнашчилар ўртасида соғлом рақобат билан бирга ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик муҳитини ҳам шакллантирди. Шу боис тадбир нафақат техник беллашув, балки ёшлар ўртасидаги дўстлик байрами сифатида ёдда қолди. Мазкур мусобақа келгусида анъанавий тарзда ўтказилиши, ёшлар учун янги имкониятлар ва юксак марралар сари мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дейди Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов.

Мусобақа тўрт йўналишда ўтказилди ва ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, “Robo Racye” йўналишида Аҳмаджон  Истамов, “Line Followyer” йўналишида Шохрухмирзо Ҳафизов, “Робофутбол” йўналишида Шукуржон Бахшиллоев ва Озодбек Рамазонов, ҳамда “Резина моторли авиамоделлар” йўналишида Феруз Баҳодиров ғолибликни қўлга киритди. 

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, кубок ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада қатнашган барча иштирокчиларга сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.