Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги аср шеърияти: «Мен асли одаммас, ёр эдим...»
07:00 / 2020-10-15

Шоир шеърлари бири-бирини такрорламаслиги, бири-бирини ёдга солмаслиги билан гўзал.


Янги китоб

«Янги аср авлоди» нашриёти шоир ва журналист Шуҳрат Орифнинг «Мен асли одаммас, ёр эдим...» номли шеърий китобини адабиёт мухлисларига тақдим этди.

Китоб «Янги аср шеърияти» рукни остида чоп этилган. Ушбу лойиҳада XXI асрда ўзбек шеъриятида ўз сўзини айта олган, сўз юкини ҳис қилиб дилбар шеърлар ёзган шоирлар ижоди китоб ҳолида чоп этилиши йўлга қўйилган.

Шуҳрат Орифнинг шеърларини ўқир экансиз унинг теран нигоҳини сезасиз. Ҳар бир шеърда назм аталмиш муҳташам қасрда сўздан сўзни ахтариб юрган шоирнинг кўнгил кечинмаларига дуч келасиз. Ҳар бир сатри ўйга толдирадиган, мушоҳадага чорлайдиган мисралар ичига шўнғиб кетасиз.

Шоирда яхши бир анъана бор экан. Шеърлари маънодор, такрорламас. Шоир шеърлари бири-бирини такрорламаслиги, бири-бирини ёдга солмаслиги билан гўзал. Ҳар бир асари алоҳида дард, алоҳида мавзу борлиги билан китобхонни ўзига жалб қилади.

Китоб замонавий кўринишга эга. Унга шоирнинг муҳаббатга ошно кўнгли акс этган нафис шеърлари ва кишини мушоҳадага чорловчи қатралари киритилган.

***

Умр ўтиб борар туякарвондек,
Қўнғироқ чалади лўкиллаб сабрим.
Ўзимдан узоқлаб борганим сари,
Сенга яқинлашиб боряпман, қабрим!
Хиралашиб борар кўнгил тобора,
Ҳасратлар кўзимга уя қургандек.
Атрофга аланглаб боқавераман,
Кимдир менга доим қараб тургандек...
Яхши бола эдим болалигимда,
Булутга эргашиб йўлни унутдим.
Барибир сиз бунга ишонолмайсиз,
Мен сизни ҳар куни боладек кутдим.
Узоқдан умрнинг шоми кўринар,
Ҳаёл эса ҳамон беқарор, дайди.
Яшаб ўтай десам ҳамма қатори,
Кўксимда нимадир типирчилайди...
Йиғлагим келади олқишласалар,
Ноқулай сезаман ўзни ҳашамда.
Кибор давраларда яшнаб юрибман,
Тугаб бораяпман аслида шамдай...
Лўкиллаб қўнғироқ чалади сабрим,
Кўчангдан ўтурман, йўлларимга чиқ.
Дунёни елкага ортиб жимгина
Ўтиб бораётир бир далли ошиқ...