Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги асарларга муносиб баҳо бериш барча адабиётшуносларнинг ҳам қўлидан келавермайди
17:05 / 2022-02-24

Адабий танқид – бадиий асарни тезкор таҳлил этиш, унга холис ва ҳаққоний ташхис қўйиш, демакдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Адабий танқид кенгашининг фаолиятига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, адабиётшунос олим Нурбой Жабборов ва бошқалар адабий танқидчилигимиз бевосита улуғ шоир бобомиз Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ эканини, бу жиҳатлар унинг «Мажолис ун нафоис» асарида, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида ўз ифодасини топганини таъкидлади.

Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов ижодида ҳам адабий танқидчилик устувор ўрин эгаллаши сўз санъати ихлосмандларига яхши маълум.

Адабий танқидчилик борасидаги анъаналар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Кейинги йилларда Ёзувчилар уюшмаси томонидан мунаққидларни тарбиялаш, уларнинг адабий танқид йўналишидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг «Маоний аҳлининг соҳибқирони» асари 2021 йилда ўтказилган «Йилнинг энг яхши асари» танловида адабий танқид йўналиши бўйича мукофотга лойиқ деб топилди.
Йиғилишда адабий танқидга доир китоблар тўғрисида филология фанлари доктори Сувон Мелининг, адабий нашрларда эълон қилинган адабий-танқидий мақолалар ҳақида филология фанлари доктори, профессор Илҳом Ғаниевнинг, мумтоз адабиётга доир китоблар ва мақолалар хусусида филология фанлари доктори Зебо Қобилованинг маърузалари иштирокчиларда  катта қизиқиш уйғотди. 

Шу билан бирга интернет нашрларида эълон қилинган адабий танқидга доир мақолалар ҳақида филология фанлари бўйича фалсафа доктори Саъдулла Қуроновнинг маърузалари тингланди.

– Бадиий адабиёт пайдо бўлибдики, унга муносабат билдириб келинади, – деди адабиётшунос олим Сувон Мелиев. – Бугунги кунда адабий танқидчилик жиддий оқсаётгани рост. Гарчи адабиётшуносликка оид кўплаб китоблар, монографиялар, рисолалар, таҳлилий мақолалар нашр этилаётган бўлсада, адабиётимизда холис адабий танқидга эҳтиёж ҳамон баланд экани  яққол кўзга ташланмоқда. Янги асарга профессионал баҳо бериш барча адабиётшуносларнинг ҳам қўлидан келавермайди. 

Ўтган йили давомида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётига доир 30 га яқин монография ва рисолалар, 500 га яқин адабий-танқидий мақолалар нашр этилган. 

«Шарқ юлдузи», «Жаҳон адабиёти», «Тафаккур», «Ўзбек тили ва адабиёти», «Ёшлик» журналлари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Китоб дунёси», «Ҳуррият» каби газеталарда нашр этилган адабиётшунослик ва адабий-танқидга доир мақолалар таҳлил этилди. 

«Хуршид Даврон кутубхонаси», ziyouz.com, oyina.uz каби интернет сайтларидаги адабий-танқидга оид материаллар батафсил муҳокама этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА