Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида жорий йилда 15 миллион тупдан зиёд мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши мўлжалланган. Вилоятда баҳор мавсумида 9,5 миллион тупдан зиёд кўчат экилиб, белгиланган режа 112 фоизга бажарилди.
Вилоятда куз мавсумида 5 миллион 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш кўзда тутилган бўлиб, айни кунларда барча туман ва шаҳарларда кўчат экиш ишлари режа асосида давом этмоқда.
Халқимизнинг “Кўчат экиш, боғ яратиш, хайрли ва савобли иш” деган ибратли удумига амал қилган кўплаб юртдошларимиз кўчат экиш, ҳудудларни яшил маконга айлантиришдек хайрли ишда фаол иштирок этмоқда.
[gallery-20521]
Айниқса, бугунги кунда кўчат экиш ишлари Андижон тумани адирликларида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳри ҳудудида қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокими ташаббуси билан мазкур ҳудудда 19 гектар майдонда боғ барпо этилаётганлиги эътиборга молик. Мазкур жараёнда меҳнат жамоалари, маҳаллалар аҳолиси фаол иштирок этиб, боғни барпо этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси жамоаси, умуман, умуммиллий ҳаракатда фаол қатнашаётган кўнгилли ёшлар томонидан шу кунларда янги барпо этилаётган боғга 2 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.