Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Андижон шаҳрида журналистлар боғи барпо этилди
16:08 / 2022-11-20

Андижон вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, хусусан, "Дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик" тадбири доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур бошланиши олдидан ўтказилган тадбирда мутахассислар томонидан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар берилди.  

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил куз-қиш мавсумида вилоятда 5 миллион 781 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. – Кўчат экиш ишлари тасдиқланган режа ва график асосида олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 3 миллион тупдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.  

Тадбирда мутасадди ва мутахассислар журналист ҳамда блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.  

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Янги Андижон шаҳарида яшил ҳудудлар ташкил этиш, йўл буйлари, янги барпо этилган кўп қаватли уйлар атрофига дарахт ва гул кўчатлари экиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.  

Янги Андижон ҳудудида “Оммавий ахборот воситалари ходимлари боғи” учун ажратилган ҳудудга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.  

– Юртни обод қилиш, ҳудудларни янада кўкаламзорлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида андижонлик журналистлар фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раиси Махпурахон Артиқова. – Жумладан, журналистлар, ОАВ ходимлари томонидан Янги Андижон шаҳри ҳудудида барпо этилган ушбу боғнинг соя-салқини, меваларидан йиллар ўтиб одамлар албатта, баҳраманд бўлади.  

Сўнг пресс-тур иштирокчилари Жалақудуқ туманида фаолият юритаётган “Green World Landshaft” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, жамият томонидан гулчилик ва манзарали дарахт кўчатларини етиштириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, Қўрғонтепа туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилган “Эко парк” фаолияти билан яқиндан танишди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА