Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қишлоқ хўжалигининг янги ва самарали йўналишларидан бири — ўрдакчиликни ривожлантириш бўйича муҳим қадам қўйилди. Шу мақсадда туман ҳокими Комилжон Муллажанов ташаббуси билан Оққўрғон туманидаги «Ўрдакчилик» марказида амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда бандлик, қишлоқ хўжалиги ва маҳалла тизими ходимлари, шунингдек, ўрдакчиликка қизиққан, ишсиз ва кам даромадли аҳоли вакиллари иштирок этишди. Семинарда Пекин ўрдагини парвариш қилиш орқали қисқа вақтда барқарор даромад шакллантириш имкониятлари, сув ресурслари ва зовурлардан самарали фойдаланиш усуллари кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан ўрдакларни боқиш, озуқа танлаш, касалликларни олдини олиш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий бизнесни ривожлантириш ва даромад манбаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Илмий изланишлар Пекин ўрдагининг тез ўсиши, гўштдорлиги ва юқори тухумдорлиги уни иқтисодий жиҳатдан жозибадор парранда турига айлантираётганини тасдиқламоқда. Бу эса маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорда рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Оққўрғон тажрибаси шунчаки амалий иш эмас, – дейди «Ўрдакчилик» маркази раҳбари Жасур Қодиров. – У нафақат паррандачилик, балки ўрдакчилик соҳасини ривожлантиришда ҳам катта ўрин тутади. Келиб чиқиши шарқий ва жануби-шарқий Осиёга бориб тақаладиган Пекин ўрдакларининг нарлари 2 килограммгача, модалари эса 1,75 килограммгача вазнга етади. Тухум вазни ўртача 65 грамм бўлиб, озиқавий жиҳатдан товуқ тухумига нисбатан фойдали ҳисобланади. Фаолиятни йўлга қўйганимизга кўп бўлмаган бўлса-да, марказимизда 7 мингдан ортиқ ўрдак парваришланмоқда. Шунингдек, Оққўрғонда ўрдакчилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга 100 метрлик очиқ зовур бириктирилиб, ҳудудлар ўралди ва ҳар бир хонадонга 100 тадан ўрдак тарқатилди. Ҳозирда улардаги қушлар сони кескин ортиб бормоқда. Бу оилалар даромадини кўпайтириш ва дастурхонлар тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Семинар давомида Сирдарёдан ташриф буюрган иштирокчилар «Ўрдакчилик» маркази мутахассислари билан бирга очиқ зовур бўйидаги парвариш жараёни билан танишиб, тажриба алмашдилар.
Шундан кейин Оққўрғоннинг тажрибали мутахассислари иштирокида Сайхунобод туманидаги Гулбўлоқ ва Бахмалсой маҳаллаларида ўрдакчиликни йўлга қўйиш, шунингдек, самарасиз фойдаланилаётган очиқ зовурлардан оқилона фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
– Аслида бу йўналиш катта сарф-харажат талаб қилмайди, – деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов. – Мавжуд имкониятлар етарли. Фақат ишни тизимли йўлга қўйиш лозим. Энг муҳими, ўрдаклар қишки совуқ ва ёзги иссиққа чидамли, касалликка эса бошқа паррандаларга нисбатан кам учрайди. Озуқа сифатида шоли қипиғи, қамиш каби табиий емишлар етарли бўлади. Бу эса ресурсларни тежаш ва харажатларни камайтиришга имкон беради. Кўриниб турганидек, аҳоли ушбу ташаббусни катта қизиқиш билан қабул қилмоқда.

Семинар иштирокчилари Оққўрғондаги очиқ зовурлар бўйида ўрдак парвариши жараёни билан яқиндан танишдилар, мутахассислар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Кейин Сайхунободнинг Гулбўлоқ ва Бахмалсой маҳаллаларида ўрдакчиликни ташкил этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Бу ҳудудларда лойиҳанинг дастлабки ишлари бошлаб юборилди.
Мутахассислар аҳолига ўрдакларни тўғри парвариш қилиш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, маҳсулот сифатини ошириш ва бозорга чиқиш имкониятлари ҳақида муҳим тавсиялар бердилар.
Сайхунободда ўрдакчиликнинг йўлга қўйилиши нафақат аҳоли даромадининг ўсишига, балки туманда кичик агробизнеснинг янги тури шаклланишига хизмат қилади. Бозорда ўрдак гўшти ва тухумига талаб ортиб бораётган, озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб бўлган бу пайтда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш айни муддао.
– Агар лойиҳа кенгайтирилса, келгусида оилавий фермалар сони кўпайиши, қайта ишлаш корхоналари очилиши, «Сайхунобод ўрдаклари» номи билан маҳаллий бренд шаклланиши эҳтимоли юқори, – дея таъкидлади Комилжон Муллажонов.
Сайхунободда Пекин ўрдаклари асосида бошланган ушбу ташаббус туман аҳолиси учун янги иқтисодий имкониятлар, барқарор даромад ва кичик тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарали намунасига айланиши шубҳасиз. Семинар давомида мутахассислар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири