Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Yandex Go" такси хизматининг устун мавқеи тан олинди
19:00 / 2023-12-08

Такси агрегаторлари хизматлари бозорида таҳлил ишлари якунланди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан такси агрегаторлари хизматлари бозорида ўтказилган ўрганишлар натижалари эълон қилинди.

Таҳлиллар натижасига кўра, бозор улушлари ва кўрсатилган хизматлари юзасидан фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар ичида энг катта бозор улуши яъни 86,3 фоизи "Yandex Go"  платформаси ҳиссасига тўғри келмоқда.  Бу улуш билан мазкур хизмат Ўзбекистонда устун мавқени эгаллайди. 

Энди у устун мавқени эгаллаб турган субъектлар реестрига киритилиши ва монопол нархлардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларни назорат қилиши керак.

Қўмита бозордаги рақобат муҳитини ўрганишни жорий йилнинг иккинчи чорагида такси агрегаторлари 2022 йил учун ҳисоботларни топширгандан сўнг бошлади. Бундан ташқари, ўрганиш давомийлигига ҳудудларда ушбу соҳани ривожлантиришнинг турли даражалари ва ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, кучга кирган «Рақобат тўғрисида»ги янги қонун ва рақобатчиларнинг устун мавқеини аниқлаш мезонлари ўзгаргани таъсир кўрсатди.

Тадқиқот нафақат иловалар ёки веб-сайтлар орқали, балки телефон қўнғироқлари орқали ҳам хизмат кўрсатадиган такси хизматларини қамраб олди. Хусусан, Ўзбекистонда такси фаолияти бўйича жами 66 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, улардан 58 таси такси чақириш диспетчерлик хизматларини кўрсатса, қолган 8 таси мобил илова орқали ишловчи агрегаторлар экани маълум бўлди.

Ўрганишларда энг катта бозор улуши, яъни 86,3 фоизи "Yandex Go"  платформасига тўғри келиши аниқланди. Қўмита хизмат бозорида саноқли иштирокчилар жами хизматнинг асосий қисмини кўрсатаётганини ва бу бозордаги ҳолат, жумладан, хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиш хавфи мавжудлигини таъкидлади.

Маълумот учун: устун мавқе — товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат. Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40 фоиз ва ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолатларда товар ёки молия бозорида устун мавқе тан олинади.

Устун мавқега эга бўлган компания товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилиши керак.

Реестрга киритилган компаниялар монополияга қарши органга монопол юқори ёки монопол паст нархлардан фойдаланмаслик бўйича уларнинг ҳаракатларини кузатиш учун ҳар чоракда реестрга киритилган хизмат тури юзасидан қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиб боради.

Ш. Маматуропова, 
ЎзА