Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яндекс такси ҳайдовчилари ҳам субсидия ва ипотека кредитидан фойдалана олади
12:12 / 2023-08-12

Жорий йил 13 апрелида давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида ипотека кредити учун субсидияга аризалар 2023 йил 1 майдан қабул қилиниши бошланди.    

Бугунги кунда ипотека кредитлари асосида субсидия бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Шу сабабли кўпчилик юртдошларимиздан субсидия билан боғлиқ саволлар келиб тушмоқда.  

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ипотека ва уй-жой дастурларини шакллантириш, соҳани ривожлантириш ва молиялаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Акбар Ниғматовнинг маълум қилишича, эндиликда мазкур фармонда расмий даромадга эга бўлмаганларга ҳам ипотека кредити ажратилиши назарда тутилган. Мисол учун, эндиликда Яндекс такси ҳайдовчилари ҳам субсидия ва ипотека кредитидан фойдалана олади. Бундан ташқари, мавсумий ёлланма ишчилар ҳам тўлов қобилиятларини асослаб, ипотека кредити олишлари мумкин.  

Субсидия ажратишга доир аризалар 2023 йил 1 майдан қабул қилиниб, 2023 йил 1 декабргача давом этади. Ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш мумкин.  

Давлат хизматлари марказига келиб ариза билан мурожаат этганда марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда Низомга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради. Зарур ҳолларда ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлар Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилади. Ариза берувчидан юқорида кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни ҳамда анкета-аризада қайд этилган маълумотлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.  

Субсидия ўрнатилган тартибга кўра бир оилага бир марта берилади. Эндиликда субсидия хабарномаси берилган вақтдан бошлаб 4 ой давомида амал қилади. Агар фуқаро барча талабларга тўғри келса-ю, лекин жорий йил учун субсидия сони тугаган бўлса, фуқарога рад этиш тўғрисида хабарнома юборилади. Рад этиш тўғрисидаги хабарнома олган талабгорлар субсидия олиш учун умумий тартибда қайта ариза бериши мумкин.  

Шунингдек, меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида бериши мумкин. Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ва марказ томонидан тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали маълумотларга аниқлик киритиш тўловларсиз (бепул) амалга оширилади.  

Яна бир маълумот: субсидия олишда масъул ташкилотлар ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолайди.  

Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни аниқлайди.  

Яъни, тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини текширади. Давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг даромадларини аниқлайди.  

Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автоматомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади.  

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази — ариза берувчининг «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтгани ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганини (оширганлигини), Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси — ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва турмуш қурмаган фарзандларининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни текширади.  

Туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини, ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими — ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублигини (маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсиясига асосан) текширади. Туман (шаҳар) ҳокимлиги — ариза берувчининг «Меҳр дафтари»га киритилган ёки ундан чиқарилган 30 ёшдан ошмаган ёшлар тоифасига мансублигини тасдиқлайди.  

Субсидия олиш учун юборилган аризаларни Комиссия томонидан баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш тартиби эса куйидагича:  

Комиссия котиби масъул ташкилотлар томонидан киритилган хулосаларни 3 кун ичида аризаларни навбат асосида уларнинг қайд этилиши кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқиб, якуний хулоса беради. Комиссия котиби масъул ташкилотлар томонидан киритилган хулосаларни кўриб чиқиш мобайнида масъуллар томонидан хатоликка йўл қўйилганини аниқлаган тақдирда, тегишли масъулга қайта кўриб чиқиш учун йўналтиради. Комиссия раиси котиб томонидан киритилган ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди.  

Субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида комиссия электрон реестрни юритади ҳамда ушбу реестр туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида уч йил мобайнида сақланади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади. Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади. Бундан ташқари ЯИДХП орқали ариза берувчига «SMS» хабар юборилади. ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этилганда, комиссия томонидан субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома электрон шаклда ариза берувчига юборилади.  

Бугунги кунда кўпчилик фуқаролардан уй-жой учун субсидия ажратишни рад этиш сабаблари, субсидия олиш учун ариза бериш тартиби, субсидияга ариза топширганда даромади қанчагача бўлиши кераклиги бўйича саволлар келиб тушмоқда.    

Аввало шуни ҳам айтиш жоиз, ипотека кредитлари асосида субсидия олишда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак.    

Субсидиялар кимларга берилади?  

Субсидия маблағлари фақатгина уй-жойи йўқ, даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин. Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақатгина 1 марта берилади.    

Субсидияга ариза топширганда даромади қанчадан қанчагача бўлиши керак?  

Президентимизнинг тегишли фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил  25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, фуқаролар томонидан уй-жой сотиб олишда давлат бюджетидан субсидия ажратилиши учун ариза берувчи ёки оиланинг даромади куйидагича бўлиши керак:  

– Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача ва Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилаларга ажратилади.     

Содда қилиб айтганда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМ 980 минг сўмнинг 2,7 баравари, яъни 2 миллион 646 мингдан кам бўлмаслиги ва 8 баравари 7 миллион 840 мингга тенг ёки кам бўлиши зарур.      

Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравари 2 миллион 646 мингдан кам бўлмаслиги ва 9,2 баравари, яъни 9 миллион 16 мингга тенг ёки кам бўлиши зарур. Кўрсатилган нормадан ойлик маошингиз юқори ёки кам бўлса, аризангиз рад этилади.    

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА