Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна учта янги мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади
15:47 / 2020-12-01

Андижон вилояти Марҳамат туманининг Миришкор, Шўрқақир ва Ровот маҳаллаларида янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Миришкор маҳалласида тадбиркор Салоҳиддин Файзилдинов томонидан барпо этилган, умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 776 миллион сўм бўлган “Жажжи паҳлавонлар” деб номланган давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти 100 нафар болани ўз бағрига олади.

Барча қулайликларга эга мазкур муассасанинг ишга тушиши билан 20 та янги иш ўрни яратилди.

Тумандаги Шўрқақир маҳалласида жойлашган 7-мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари ва жиҳозланиши учун 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Замонавий, барча қулайликларга эга муассасада 18 нафар малакали мутахассис 160 нафар болажонга таълим-тарбия беради.

Роҳат маҳалласидаги фойдаланмай турган бино ўрнида тадбиркор Ойбек Ашуров томонидан 2 миллиард 250 миллион сўм миқдоридаги ўз маблағи ва банкдан олинган кредит ҳисобига қад ростлаган “Моҳинур юлдузлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам 100 нафар болажон тарбияланади. Мазкур муассаса иш бошлаши билан 25 та янги иш ўрни яратилди.  

Янги иш бошлаган юқоридаги муассасаларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Уларда мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

– Айни кунда Марҳамат туманида 29 та давлат, 14 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 100 дан зиёд уй боғча фаолият кўрсатмоқда, – дейди Марҳамат тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Сайёрахон Шамшиева. – Умуман, туманда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 50 фоиздан ортди.

Жорий йил охирига қадар туманда яна бир қатор нодавлат болалар тарбия масканларининг ишга туширилиши кўзда тутилган.

[gallery-218]

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА