Россия-Украина
Вашингтон маъмурияти Украинага “ATACMS” тезкор-тактик ракеталар мажмуаси жўнатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Президент Жо Байден маълум қилди.
“Бу кутилмаган воқеа эмас, биз Киевнинг барча зарур талабларини қондиришга ҳаракат қиламиз”, деган у.
Украина Мудофаа вазири Алексей Резников “Funke” медиа гуруҳига маълум қилишича, мамлакат Қуролли кучлари Ғарбда ишлаб чиқарилган 60 га яқин танкни қабул қилиб олган.
Мулозимнинг сўзларига кўра,“Танк таъминоти коалицияси таркибида Германия, Польша, Нидерландия, Швеция, Португалия, Испания ва Канада “Leopard” танклари бор”. Шунингдек, Франция Киевга ғилдиракли “AMX-10RC”, Буюк Британия “Challenger”, АҚШ эса “Abrams” танкларини етказиб бермоқчи.
Резников Киев Россия ҳудудига бостириб кирмайди, “биз Москва билан яхши муносабат ўрнатишга интиламиз”, деган. Шунингдек, у “Киев Польша, Словакия ва Руминия билан ҳам дўстона алоқа тарафдори” эканини қўшимча қилган.
Вазир таъкидлашича, Киев Ғарбнинг, тахминан, 120 та қирувчи учоғига, айниқса, Американинг “F-16” самолётларига муҳтож.
Африканинг саккиз давлати элчихонамизни очишга розилик билдирган, дея хабар берди Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба. Вазирлик матбуот котиби Олег Николенконинг айтишича, Кулеба Марокаш, Мозамбик, Нигерия, Руанда ва Эфиопия бўйлаб сафарга чиққан. Қайд этилишича, Украина Россиянинг Африка мамлакатларига таъсирини камайтириш мақсадини кўзлаган. Бу ҳақда Кулеба "Рада" телеканали эфирида айтган.
Кеча Братиславада бошланган “Globsec Bratislava Forum 2023” хавфсизлик бўйича халқаро конференцияда Украина атрофидаги вазият ва ушбу муаммонинг Европага таъсири масаласи кўриб чиқиляпти.
Анжуманда Франция ва Сербия Президентлари Эммануэль Макрон ва Александар Вучич, Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Европарламент спикери Роберта Мецола иштирок этишади.
Британиянинг “The Daily Telegraph” нашри ёзишича, Украина ҳукумати сафарбарликнинг фаол усулига ўтган. Қайд этилишича, қарши ҳужум арафасида, Украина Қуролли кучлари сафини кенгайтирмоқчи.
ХХР ҳукуматининг Евросиё ишлари бўйича махсус вакили Ли Хуэйнинг Украина, Европа Иттифоқи давлатлари ва Россияга сафаридан кейин Хитой ишончни мустаҳкамлаш ва Украина низоси бўйича барча манфаатдор томонлар билан келишувга эришишга қаратилган сиёсатни давом эттиради. Бу ҳақда мамлакат ТИВ расмий вакили Мао Нин баёнот берди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ХХР эмиссари сафари давомида кўришган барча томонлар “Хитойнинг зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва музокара ўтказиш бўйича интилишларига ижобий” муносабат билдирган.
Аброр ХОН,
ЎзА