Вируснинг белгилари, юқиш йўллари ва ҳимоя чоралари
Жаҳон миқёсида диққат билан кузатилаётган яна бир зооноз инфекция тури бўлмиш “Nipah” вируси кам учрашига қарамасдан, юқори ўлим даражаси ва тез юқиши билан ажралиб туради.
Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штати Каликута шаҳри ва шу атрофда қайд этилган ҳолатлар касаллик глобал муаммога айланиши мумкинлигини кўрсатди. Минтақавий даражада учраётгани юзага келган вазият халқаро туризм ва давлатлараро ҳаракат ортиб бориши шароитида бутун дунё учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланмоқда.
Илк бор қачон аниқланган?
“Nipah” вируси илк бор 1999 йил Жануби-шарқий Осиёда пайдо бўлиб, кўршапалакдан мева орқали тарқалгани аниқланган. Инсонга юқиш ҳолати эса зарарланган ҳайвон ёки хасталанган инсон билан яқин мулоқот билан боғлиқ.
Айниқса нафас йўли ажралмаси, қон ва танадаги бошқа суюқликдан ўтиш эҳтимоли юқори. Айни ҳолат соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва беморнинг қариндошлари учун жиддий хавф туғдиради.
Белгилари
Одатда гриппга ўхшаш аломат билан бошланадиган бу касаллик қисқа вақтда оғирлашиши мумкин. Белгилари – иситма, бош ва мушак оғриғи, ҳолсизлик.
Кейинроқ кузатиладиган оғир белгилар – ҳушдан кетиш, тутқаноқ хуружи, нафас етишмовчилиги, энцефалит (мия яллиғланиши).
Айрим ҳолатларда вирус жуда қисқа вақт ичида кома ва ўлимга олиб келиши мумкин. Шу боис эрта ташхис, тезкор иҳоталаш ва алоқада бўлганларни аниқлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Давоси борми?
Ҳозирча “Nipah” вирусига қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус аксил вирус даволаш усули мавжуд эмас. Даволаш жараёнида қуйидаги жиҳатлар устувор: реанимация ва интенсив терапия ёрдами, нафас олишни қўллаб-қувватлаш, юзага келган асоратни бошқариш. Шу боис ҳимоя чораси даволашдан ҳам муҳим ҳисобланади.
Ҳимояланиш учун нималарга эътибор бериш керак?
Жамиятнинг онгли муносабати ушбу касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, хавфли ҳудудга кирганлар қуйидаги чораларга риоя қилиши шарт:
Хом ёки яхши ювилмаган мева емаслик, очиқ жойда сотилаётган озиқ-овқатдан сақланиш, хаста, очиқ яраси бор жониворга яқинлашмаслик, шубҳали белги кузатилса, дарҳол тиббий муассасага мурожаат қилиш, сўнгги саёҳатлар ва алоқа тарихини шифокорга албатта маълум қилиш.
Нима учун глобал таҳдид сифатида баҳоланмоқда?
Бу сингари зооноз касалликлар чегара билмайди. Эрта огоҳлик, тўғри ахборот тарқатиш ва мустаҳкам соғлиқни сақлаш инфратузилмаси эҳтимолий эпидемиянинг олдини олишда энг муҳим омиллардир.
Нодира Кайимова, ЎзА