Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Яна ўғлимни ватан ҳимоясига юборган бўлардим"​
21:24 / 2020-02-07

Пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисм ва муассасалари ёшлар етакчиларининг I республика форуми ташкил этилди.


Пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисм ва муассасалари ёшлар етакчиларининг I республика форуми ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ўтказилган форумда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилот етакчилари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, мутасадди вазирлик ва идора ходимлари иштирок этди.

photo5325858407837707725.jpg

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаш раиси А.Саъдуллаев, фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-лейтенант Т.Худойбергенов, ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор А.Икромов ва бошқалар Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган даврда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтгани, сўнгги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли кучга айланиб бораётганини эътироф этди.

photo5325858407837707723.jpg

Форумдан кўзланган мақсад ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик туйғуларини ривожлантириш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, тизимда намунали фаолият кўрсатаётган ҳарбий хизматчиларнинг бой тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатишдан иборат.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси тизимларида 350 та бошланғич ташкилот тузилган. Эътиборлиси, мазкур бошланғич ташкилотлар орқали Ёшлар иттифоқи қарийб 30 ёшгача бўлган 50 мингга яқин ёшни бирлаштирган.

photo5325858407837707724.jpg

Форумда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” номли видеоролик ҳамда ёш курсантларни ватанпарварликка чорловчи ижодий чиқишлар намойиш этилди.

2000 йил 4 августда Сурхондарё вилояти, Узун туманида босқинчи тўдаларга қарши кечган жанговар ҳаракатларда хизмат бурчини адо этаётганда ҳалок бўлган, лейтенант Бобуржон Ғаниевнинг онаси Мунаввархон Ғаниеванинг нутқи барчанинг эътиборини тортди.

photo5325858407837707726.jpg

– Баъзи одамлар ҳаётда шунчаки яшаб ўтади. Ватанига, оиласига, халқига, яқинларига ҳеч нафи тегмайди. Ҳаётини кераксиз, номаъқул ишларга сарфлайди. Шуларни ўйлаб, фарзандимдан мингдан-минг розиман. Менинг болам шунчаки яшамади. Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлади. Юртини, халқини, оиласини босқинчилардан ҳимоя қилиб, хизмат бурчини адо этаётган пайтда ҳалок бўлди. Ҳаётни ортга қайтариш имкони бўлганда, яна ўғлимни Ватан ҳимоясига юборган бўлардим...

photo5325858407837707722.jpg

Форум давомида “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламиз!” мавзусида флешмоб ташкил этилди. Таниқли санъаткорлар томонидан она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Қуролли Кучлар ҳарбий қисм ва муассасаларидаги ёшлар етакчиларига, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари ҳарбий бўлим бошлиқларига ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳамкор ташкилотларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари топширилди.