English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна кредит, яна гаров, яна кимошди, яна банк, яна тадбиркор ва яна суд...
17:02 / 2022-11-09

-

   Мақола номини ўқиб, “Яна-яна, яна соғиндим, яна...” деб, айтилувчи қўшиқ ёдингизга тушиб кетмадими?

Яқинда бир кредит низоси бўйича, даъвогар вакили жавобгарга қараб, “Ҳурматли жавобгар, сизга ишонч йўқ, кредитни олишга оласиз, тўлашга келганда, “бугун-эртангиз” ҳеч тугамайди, баҳонангиз кўп, аввалги кредит шартномангиз бўйича ҳам бугунги кунга қадар қарздорликни ёпмагансиз, гаровга олган мулк ҳам сотилмади. МИБ ижрони якунламади, биз нима қилишимиз керак? Банкда турган пул бировники, шу пуллар айланмасидан кредит маблағи сизга, бошқа тадбиркорларга берилади, кредит пулини қайтармасангиз, фоизини тўламасангиз, биз омонатни қандай қайтарамиз, фоизини қандай тўлаймиз, банк ишчилари ойлигини қаердан олади? Ёнимиздан қоплаш имкони йўқ. 10 марта келиб, кредит сўраб, шартномани имзолагансиз, ўз хоҳишингиз билан қарзни тўланг-да...” деди.

Жавобгар ҳам бўш келмай, “Атай тўламадимми, карантин бўлди, ишламай қолдик, иш юришмаяпти, кредитга фоизни ҳам катта қўйиб бергансизлар, кредит ҳам кеч берилди, тўлаяпман-ку имкон қадар, суд қарори ҳам чиқди аввалги кредит бўйича, суд қарори чиққандан кейин ҳам фоиз ундириб оляпсизлар, эй, банк кредитдан ютқазармиди, ғинг деганим йўқ, тўлаяпман, қолганини ҳам тўлайман, қочиб кетаётганим йўқ, озгина сабр қилинглар, ҳа, деб судга чопиб келасизлар, оқибатда миллион-миллион давлат божи ҳам тўлаяпман”, деди.

ТАҲЛИЛ

Жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра, Республика Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) судларда кўрилаётган низоларда “топ 1-ўринни” кредит низолари эгаллаган бўлса, Иқтисодий ишлар бўйича (ИИБ) судлардаги низоларнинг ҳам салмоқли қисмини кредит низолари ташкил этмоқда.

ФИБ судлардаги бу тоифа низолардан ИИБ судларда кўрилаётган кредит низоларининг фарқли жиҳати шундаки, низо предмети, унинг миқдори каттадир.

Яъни, тарафлар ўртасида кўрилаётган бу тоифадаги низоларда кредитга олинган маблағ ва унинг таъминоти учун қўйилган гаров мулки ФИБ судларда кўрилаётган низолар баҳосига нисбатан анчаа юқорилигида. 

Чунки, иқтисодий низоларда тарафлар – банклар ва тадбиркорлик субъектларидир. Шунинг учун ҳам гап минимал истеъмол кредитлари ёки таъмир учун олинадиган нисбатан камроқ суммадаги маблағлар ҳақида эмас. 

Демак, кредитга катта маблағ берилган ёки олинган экан, албатта гаровга нима қўйилади? Яшанг, кўчмас мулк. Гаровга қўйилган кўчмас мулк баҳоси ҳам кредит суммасидан юқори бўлиши лозимлигини ҳам яхши биласиз ва албатта, бизнинг банкларимизга хос хусусият нима? Кредит фоизи баланд, демоқчимисиз. Йўқ, бу ҳам бор гап бўлса-да, лекин уни тадбиркор олади, шартнома имзоласа, тамом...

Масала шундаки, албатта бизгагина хос бўлган хусусиятларга кўра, гаровга қўйилган мулк нархи тарафлар ўртасида келишилган гаров нарсаси нархининг баҳосига оид далолатномада кредиторнинг устунлиги билан пастроқ нархга баҳоланишидадир. Яъни гаров мулкининг бозор нархи пасайтирилган ҳолда гаровга олинади. Тадбиркор ҳам бунга рози, чунки кредит олиши керак, кредитор талаби эса шу...

Ҳа нима, мабодо кредит қопланмаса, бу мулкни сотиш осонми, нима учун кредитор ютқазиши керак? Қарздор ҳам бир гап булар...

ЯНА БИР МУҲИМ ЖИҲАТ...

Мавзу доирасида тўхталишимиз лозим бўлган яна бир муҳим ва чўзиб ўтирмай, ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳат борки, бу ҳар биримизни ўйлантириши, ўйлантирганда ҳам чуқурроқ ўйга толдириши шарт.

Бу ўй эса “ҳа, кредит олди, қарзни қопласин керак бўлса, фоизлар қанча ортиб борса ҳам, тўласин, тижорат банкларидаги маблағнинг катта қисми давлатга тегишли, тўламаса, қимматроқ гаров мулкини кредит эвазига берсин, вассалом”, деган фикр-ўйлар билан бирга, кенгроқ, замонавий, креатив, бозор иқтисодиёти, илғор хориж тажрибасига асосан фикрлашни ҳам назарда тутяпмиз.

Гап шундаки, бизда қарздор учун шундай бир аччиқ ва аламли суд амалиёти шаклланган. Бунда кредит низоси, кредит қарздорлигини ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, ижро иши қўзғатилиб, гаров мулки “кимошди”га чиқарилиб, мабодо сотилмаса, қонунга асосан кредитор гаров мулкини камайтирилган нархда ҳам ўз балансига олишни хоҳламаса, қарздорга банк фоизи ҳисобланаверади, суд ундириб бераверади.

Яъни, кредитор судга мурожаат қилса, ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин то ижро якунланмагунга қадар, суд қарздордан фоиз ундириш тўғрисида қарор қабул қилаверади. 

Шундай мисоллар борки, масалан. 4 500 000 000 сўм миқдорида кредит олинган, 5 500 000 000 сўмлик мулк гаровга қўйилган. Кредитнинг маълум қисми қопланган. Қолганини қоплаш ва ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш бўйича суд қарори чиққан. Гаров мулки, қайта-қайта қўйилган “кимошди”да бир ярим йил давомида сотилмаган, бу орада банк уч марта суд қарори билан кимошди натижаси бўйича жавоб бермайдиган йўқ жавобгар-қарздордан фоиз ундириш ҳақида қарор чиқартираверган. Натижада гаров мулки ҳам кредитдан тўланмай қолган қисми миқдорига яқинлашиб қолган. “Яшасин”, кредитни қоплаш тизими... 

Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 327-моддасида бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида, суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса, қўлланилади.

Кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли, деб белгиланган.

Ана шундан келиб чиқиб, судда шундай амалиёт шакланган.

ХУЛОСА...

Амалиётга кўра, қарздор кредитни ёпиш, яъни ўзганинг маблағини ушлаб қолмаслик учун гаров мулкини суд қарорига асосан бўлса ҳам берди, олиб чиқиб сот, деди, кредит маблағини ол, қолган суммани қайтариб бер, деди. Асосийси, қарзни ёпишга тўсқинлик қилмади, гаров мулкига қўл ҳам текизмади, гаров мулкини сотилмай қолди ва қарзни қопланмаслигида қарздорнинг айб йўқ бўлса, а энди, бу – иккинчи даражали... Масаланинг жиддийлиги ҳам айнан шунда-да... 

Адолат ҳар бир кишининг ўз фикри билан ўлчанадиган тушунча эмас. Адолат, бу – илоҳий тушунча бўлиб, жамиятда тартибни ўрнатадиган, мувозанатни таъминлайдиган, ишончни барқарор қиладиган тушунчадир.

Агарки, шу тушунчага қарашлар турлича бўлса, мақсад узоқлашиб бораверади. Оқибат ишончга таъсир этади, тадбиркор-қарздорнинг эса ишончини сусайтириб бўлмайди. Чунки бундан жамият наф кўрмайди, аксинча, зиён кўради. Хуллас, бу каби низоларда адолатни – мувозанат ва ишончни таъминлаш вақти келди. Бир сўз билан айтганда, ақлли суд бошқаруви даркор.

Чунки иқтисодий судларнинг вазифаси у ёзилган ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, қўйидагиларни ҳам қамраб олиши шарт, яъни, аввало, иқтисодий низоларни ҳал этиш, низоларнинг юзага келишидаги, иқтисодиёт ривожига, хусусий мулк, тадбиркорликка тўсиқ омилларни бартараф этиш, пировардида, давлатнинг иқтисодий тараққиётига, юрт фаровонлигига эришишдир...

ТАКЛИФ

Демак, бунинг учун биринчи навбатда қарашларни ўзгартиш лозим. Аввало, қарздор-тадбиркор ўз қарашини, мавжуд кредит таклифи шартлари, ундан фойдаланиш жараёни уни қониқтирадими, унинг фаолиятига таъсир этувчи “риск” даражаси қандай? Кредит фоизидан орттириб, даромад қила оладими, бунда таваккалчиликни, минимал ва максимал хавфи ҳақида бош қотириши ёки қўшиқда айтилганига яқин тарзда “яна-яна, яна кредит, яна...”, деган юқори таваккалчилик, мавжуд бозор шароитида нафлийлик кам бўлган шароитда ўта таваккалчиликка эътиборсизлик қабилида иш тутмаслиги;

Кредиторнинг қараши эса, мамлакат иқтисодий манфаатини кўзлаб, кредит таъминотини яхшилашнинг, оширишнинг, кредит “риск”ини камайтиришнинг осон йўлини – қарздорнинг ҳисобидангина амалга оширишга урғу беравермасдан, янгича ёндашувларни жорий этиш, осон, содда, тез, умумочиқ кредит сиёсати, кредитор-банк ҳам аввало тадбиркорлар қатори бир тадбиркор эканлигига урғу бериб, тадбиркорлар қарздорлар билан тенг ҳуқуқли, кредит, гаров ва бошқа таъминот шартномаларига эришиш нуқтаи назаридан қарашларни ўзгартиши мақсадга мувофиқ.

Суд эса, англо-саксон ҳуқуқ оиласи судьялари каби фактик вердиклар чиқармаса ҳам, ҳал қилув қароридан кейин киритиладиган бу фоиз ундиришга оид даъволарда қарздорнинг айби фоиз ўсишига олиб келганми ёки йўқими, кредит таъминоти – гаров мулкини реализация қилинмаслигида қарздорнинг қаршилиги борми-йўқми, ҳал қилув қароридан кейин берилган фоиз ундириш ҳақидаги даъво қарздорга нисбатан асослими, ҳақлими, адолатлими, бундан жамиятга нима наф, иқтисодиётга нима фойда, нима зиён деган жуда мушоҳадали қарашлар билан бирга, ҳукуматга бериладиган тавсияларда  ҳам намоён бўлиши;

Қонун ижодкорлари эса, судлардаги бугун кўрилаётган кредит низолари сон-саноғининг ўзи катта бир муаммо эканлигига урғу берган ҳолда ва шу асосда бу борадаги қонунчиликни таҳлил этиб, кредит низоларидан бошқа муаммолар ижтимоий масалалар келиб чиқмаслигини тезкор ва замон талабларига мос ёндашув асосида кўриб чиқиши;

Албатта ҳукумат, суд амалиётидан келиб чиқиб, кредит низолари кўпайганлиги ортида кредит олиш тартиб-таомиллари соддалашгани, осонлашгани, тадбиркорлик субъектлари сони бир неча баробар ортгани билан кредит низоларининг кўплиги бу соҳада ҳали-ҳамон катта-катта муаммо ва масалалар борлигини кўрсатмоқда.

Яъни кредит, гаров ва бошқа таъминот билан боғлиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлар, шартномавий муносабатлар, уларга таъсир этувчи маъмурий омиллар, турли дастурлар, гуруҳларга оид имтиёзлар ҳамда бошқа чора-тадбирларни инвентаризациядан ўтказиш, мониторинг асосида шартномавий муносабатлар, имтиёзларда, тенглик, эркинлик принципларини тизимли қўллаш борасида кенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи янги механизмларни ишлаб чиқиши, таклиф этиши мақсадга мувофиқ.

Аслида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан кейинги беш йиллик учун белгилаб берилган беш асосий йўналишдан икки муҳим йўналиш бўлган суд мустақиллиги, судларга ишонч ва тадбиркорлик ривожи сари белгиланган вазифалардан муддао ҳам аввало, мана шундай масалаларни ечишга қаратилгандир.

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суд раиси