24 июль куни эрталаб Таиланд ва Камбожа чегарасида камида 16 кишининг ўлимига сабаб бўлган қуролли тўқнашув юз берди. Ҳар икки давлат зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги минтақа ва ташқаридан янграган чақириқларга қарамай, жума куни ҳам кучли артиллерия отишмасини давом эттирди. Бу ҳақда “сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги энг жиддий жанг” деб ёзди “Reuters”.
Расмийлар айтишича, Таиланд томонидаги можаро ҳудудидан 100 000 киши эвакуация қилинган.
Сабаб
Бу икки давлат муносабати 28 май куни содир бўлган қуролли ҳодисадан сўнг ёмонлаша бошлади. Ўшанда Таиланд аскарлари Камбожанинг Прэахвихеар провинцияси ва Таиланднинг Убонратчатхани провинцияси ўртасидаги баҳсли ҳудудни ва Фонг тумани Течо Морокот қишлоғидаги Камбожа ҳарбий постини ўққа тутди. Натижада бир камбожалик аскар ҳалок бўлиб, бир нечаси яраланди.
2 июнь куни Камбожа тўрт чегара ҳудуди – Ҳиндистондаги француз мустамлакачилигидан мамлакатга мерос бўлиб қолган Тамоантхом, Тамоантуч ва Такрабей ибодатхоналари атрофидаги чегарани белгилаш бўйича келишмовчиликни ҳал қилиш учун Халқаро судга мурожаат қилиш ниятини маълум қилди.
Бангкок бу қарорга рози бўлмади ва чегарадаги ўтиш жойларини ёпиб қўйди. Бунга Камбожа пойтахти Пномпень ҳам муносиб жавоб берди. Яъни, Таиланд Камбожани қироллик чегара ҳудудига пиёдаларга қарши миналар ўрнатишда айблади.
Пномпень уч нафар таиландлик аскар минада портлагани учун жавобгарлик айбловини рад этиб, ҳарбийлар хавфсиз патруль йўлидан четга чиққанини айтди.
Шундан сўнг томонлар дипломатик муносабатни энг қуйи даражага туширди.
Ҳарбий ҳаракат
“Khmer Times” нашри таъкидлаганидек, тўқнашув тахминан соат 07:30 да Оддар-Меанчей провинциясидаги баҳсли чегара ҳудуди яқинида бошланган.
Маҳаллий аҳоли нашрга билдиришича, улар кучли отишма ва портлаш овозини эшитган. Демак, ҳар икки томон оғир қуроллардан фойдаланган бўлиши мумкин.
Вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда, чунки рақиблар чегарада ўз позициясини мустаҳкамламоқда.
Пномпень Таиланд қўшинларининг“Қироллик ҳудудий яхлитлиги бузилган”и иддао қилиниб, сабабсиз бостириб киришига жавобан, ҳимояланиш мақсадида ҳаракат қилганини айтди.
Таиланд Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи учоқлари Камбожа ҳарбийларининг Прэахвихеар провинциясидаги позициясига зарба бергани хабар қилинган. Маҳаллий вақт билан соат 02:58 да улар Камбожа Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш бўйича 8-9-бригадалар ҳарбий қароргоҳини “машғулотга жалб қилишди ва зарарсизлантиришди”.
Таиланднинг бир қирувчи самолёти уриб туширилгани даъво қилинмоқда, Бангкок бу маълумотни инкор қилган.
Таиланд армияси билдиришича, Камбожа Қуролли кучлари томонидан чегара ҳудудида учувчисиз самолёт учирилган. Таиланд Камбожани чегара ҳудудида халқаро ҳуқуқ тамойилини бузувчи ноқонуний ҳаракатдан чекинишга чақирган.
Камбожа Бош вазири Хун Манет БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини талаб қилди.
Сайёҳлар хавфсизми?
Камбожага оммавий сайёҳлар оқими йўқ, Таиланднинг курорт жойлари чегарадан узоқ.
Таиланддаги сайёҳларга қуролли тўқнашув содир бўлган чегара ҳудудларига бормаслик тавсия этилган.
Дунё нима деяпти?
– Хитой кескинликдан чуқур хавотирда ва вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беришга тайёр, – деди ХХР ТИВ.
Қирғизистон ТИВ фуқароларини чегарага яқин ҳудудларга бормасликка чақирди.
Вьетнам минтақада кескинлик кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, ҳар икки давлатни босиқликка, куч ишлатишдан тийилишга даъват этди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юзага келган қуролли тўқнашув сабаб ўзбекистонликларга ушбу икки давлат чегарадош ҳудудларига бормасликни тавсия қилди. Мамлакатимизнинг Бангкок шаҳридаги бош консулхонаси эса можаро оқибатида фуқароларимиз жабрланмаганини маълум қилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА