Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна икки нафар спортчимиз Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди
14:52 / 2019-11-10

Шу кунларда БААнинг Дубай шаҳрида параатлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 

Хабарингиз бор, шу кунларда БААнинг Дубай шаҳрида параатлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, бугунги мусобақалар вакилларимиз учун омадли кечмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бугун эркаклар ўртасида ядро улоқтириш бўйича F12 йўналишида финал баҳслари бўлиб ўтди. Унда ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Элбек Султонов 15.39 метр натижа билан бронза медалини қўлга киритди. Эътиборлиси, бу муваффақият Элбекка келгуси йили Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланмани ҳам тақдим этди.

Таъкидлаш жоиз, бунгача Элбек Султонов жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ва 2018 йилда Халқаро турнир ҳамда Параосиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлганди.
Бугун шунингдек, параатлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида ядро улоқтириш бўйича F41 йўналишида ҳам финал мусобақалари бўлиб ўтди. Қувонарлиси, ушбу баҳсларда ҳамюртимиз Бобиржон Омонов 14.03 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Эътиборлиси, Бобиржон ўз натижаси билан чемпионат рекордини ўрнатди ҳамда Германия ва Буюк Британиялик Паралимпия ўйинларининг чемпионларини ҳам ортда қолдиришга эришди. Бу билан спортчимиз Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Омонов мусобақанинг энг ёш спортчиси ҳисобланади.

Бобиржон Омонов бунгача 2017 йилги ёшлар ўртасида Параосиё ўйинлари ҳамда 2018 йили Жакартада ўтказилган Параосиё ўйинларида олтин медалга сазовор бўлганди.