Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна Ҳамас раҳбарияти нишонга олинди
19:57 / 2025-09-09

Доҳада юз берган портлаш Ҳамаснинг юқори мартабали амалдорлари ва Фаластин расмийларига суиқасд экани айтилмоқда. Бу ўзаро ўт очишни тўхтатиш бўйича музокарада асосий воситачи, минтақадаги энг йирик АҚШ ҳарбий бўлинмаси Ал-Удайд ҳаво базаси жойлашган давлат – Қатарга Исроил томонидан берилган илк шундай ҳужумдир.

Исроил Ғазо, Ливан, Яман ва Сурияни бомбардимон қилиб, Фаластиндаги босиб олинган Ғарбий Соҳилга, деярли, ҳар кун тўпга тутмоқда. Ҳамасдаги манба “Ал-Жазира” телеканалига билдиришича, бу гал рақиб томоннинг музокарачилар гуруҳи нишонга олинган. Улар АҚШнинг сўнгги сулҳ таклифини муҳокама қилиш учун йиғилаётган вақтда ҳужум содир этилган.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид Ал-Ансорий баёнотида мамлакат Ҳамас сиёсий бюросининг бир неча аъзоси яшайдиган турар-жой иншооти нишонга олинган бу ҳаракатни “кескин қоралайди”. Бинода гуруҳ раҳбарларидан камида беш нафари бўлган, дея хабар берган “Al-Hadath” телеканали. Тегишли манбалар мухбирга Исроил ҳужумида Ғазо секторидаги Ҳамас етакчиси, музокара гуруҳи раҳбари Халил Ал-Ҳайё, ҳаракатнинг хориждаги ваколатхонаси раҳбари Холид Машъал, Ғарбий Соҳилдаги ўчоқ қўмондони Зоҳир Жабарин ҳамда сиёсий бюро аъзоси Низор Аудоллоҳ ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Ҳужум вақтида раҳбариятнинг яна бир аъзоси Ғози Ҳамад ҳам бинода бўлган, бироқ унинг тақдири ҳозирча номаълум.

Ҳамас бу ахборотларга расман изоҳ бергани йўқ. Аввалроқ Исроил армияси матбуот хизмати Ҳамас олий раҳбариятига аниқ зарба берилганини эълон қилган, бироқ амалиёт айнан қаерда ижро этилганига аниқлик киритмаган эди.

Қатар расмийлари Исроилни айблаб, оддий аҳоли хавф остида қолганига эътибор қаратган. Исроил эса Қатар пойтахтига зарба берганини ҳали расман тасдиқламади.

М.Пирматова, ЎзА