Бугун аграр соҳадаги халқаро ҳамкорликлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инновацияларга бўлган ишончнинг ортиб бораётганидан далолат.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбарияти ва Корея Республикасининг ORVIC Co., Ltd компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин мазкур компания озуқа саноати, агротехнология ва юқори самарали чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича замонавий ечимлар таклиф қилади.
Мулоқот давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, юқори самарали чорвачиликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида чорвачилик учун озуқабоп экинлар етиштириш технологияларини жорий этиш, замонавий аралаш озуқа (омухта ем) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сунъий интеллект асосидаги агротехнологияларни қўллаш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, юқори қийматга эга мармар гўшт етиштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш каби йўналишларни қамраб оладиган лойиҳаларга 10 миллион доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида 1 миллион доллар миқдоридаги синов ишлари амалга оширилади, дейилади Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази маълумотида. Ушбу босқичда озуқа етиштириш технологияларини синовдан ўтказиш, интеллектуал мониторинг тизимларини жорий этиш ҳамда мутахассислар иштирокида ўқув-тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳамкорлик орқали инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш, фермерлар имкониятларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ҳамда рақобатбардошлигини ошириш мақсад қилинган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА