Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна бир янги олий ўқув юрти очилади
11:39 / 2025-01-27

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бухоро давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида Бухоро давлат техника университети ташкил этилади. 

Университетнинг асосий вазифалари қуйидагилар иборат бўлади:

муҳандислик, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат технологияси, енгил саноат, нефть ва газ, яшил энергетика, архитектура ва қурилиш, транспорт ва логистика, агротехнология, ахборот технологиялари ва дастурлаш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий- педагогик кадрлар тайёрлаш; 

таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида миллий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш; 

ишлаб чиқариш, муҳандислик соҳаларида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш; 

етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда талабаларнинг академик алмашинувини таъминлаш ҳамда талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг саноат корхоналарида малакавий амалиёт ва стажировка ўташини йўлга қўйиш; 

амалий ва илмий-тадқиқот ишларини бажариш учун замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш ҳамда уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш; 

ҳудуддаги техника йўналишида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган касбий таълим ташкилотларига ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш; 

талабаларнинг ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, уларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, таълим-тарбия ва амалиёт уйғунлигини самарали ташкил этиш. 

Қарор билан: 

Бухоро давлат техника университети фаолиятини ташкил этиш бўйича "йўл харитаси"; 

Бухоро давлат техника университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар рўйхати;

Бухоро давлат техника университетига бириктирилаётган ўрта махсус ҳамда касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

Университет талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими жорий этилади;

Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантлари етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юборилади;

Университет профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот ишлари ва амалий машғулотлар олиб бориши, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташи учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида соҳа корхоналарида мутахассислик кафедралари филиаллари ташкил этилади;

Университет профессор-ўқитувчилари тадқиқотчилари ҳамда талабалари томонидан амалга оширилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни тижоратлаштириш ҳамда сотиш мақсадида "спин-офф" корхонасини ташкил этилади;

нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларининг дастури асосида Университетда амалиётга йўналтирилган фанлар кўпайтирилади.

ЎзА