Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикси Хўжайли туман ҳокимлигида навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев ўзи оталиққа олган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Тешаев, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Ушбу ташаббус Президент Ш. Мирзиёевнинг 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан бўлган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга асосан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашевга Хўжайли туманидаги “Амударё”, “Қумжиққин”, “Кун нури” ва “Саманкўл” маҳаллаларининг оғир тоифадаги 67 нафар ёш бириктирилган. Улар билан манзилли, тизимли ва натижадорликка йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда. Шу пайтгача ўтказилган ўрганишлар асосида бугун 17 нафар ёшга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, уларнинг 5 нафарига мотокультиватор, яна 5 нафарига ноутбук, 3 нафарига тикувчилик ускунаси, 3 нафарига пайвандлаш ва устачилик ускунаси, 1 нафарига эса сув насоси топширилди.

Тадбир давомида сўзга чиққан раҳбарлар ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлиш, чет тилларини ўрганиш, интилувчан ва фидойи бўлишга ундади. Ўз навбатида, ёшлар ҳам билдирилаётган ишонч ва кўрсатилаётган эътиборга жавобан юрт равнақи йўлида меҳнат қилишга тайёр эканликларини таъкидлашди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири