French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна бир ўзбек жангчисининг хоки юртимизга келтирилди
23:11 / 2021-07-10

1912 йил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг аввалги Тельмон қишлоғида туғилган Умр Ҳатамов 1941 йилда минглаб ўзбек ўғлонлари сингари Иккинчи жаҳон урушига кетган эди.

Унинг турмуш ўртоғи Жумагул Норбоева ҳамда ёлғиз қизи Омоной Чориёровага Умр Ҳатамовнинг 1943 йил 18 ноябрда Беларусь ҳудудида бўлган жангларда ҳалок бўлганлиги ҳақида “қора хат” келади-ю, аммо унинг қаерга дафн этилганлиги номаълумлигича қолди.

Бироқ 2021 йил 22 июнда Беларусь Республикасининг қидирув отряди томонидан Гомел вилояти Речица туманида олиб борилган қидирув ишлари натижасида собиқ Иттифоқнинг “Қизил армияси” сафида хизмат қилган 12 нафар аскарнинг жасади қолдиқлари ва улар ёнидан ҳужжутлари ва медальонлар топилган. Топилган ҳужжат ва медальонга кўра улар орасида Умр Ҳатамов ҳам бўлгани аниқланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва дипломатик ваколатхоналар томонидан ўзбек қаҳрамонининг яқинлари топилди ва уни Ватанига қайтаришда зарур ишлар олиб борилиб, Беларусь ҳукуматига ҳамда қидирув отрядига алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Она Ватанига келтирилган ўзбек ўғлонининг хоки Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги бошчилигида Самарқанд вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, Пастдарғом тумани ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида ўзи туғилиб ўсган ҳозирги “Бешнайман” МФЙ ҳудудидаги халқ қабристонига мусулмонлар удумига кўра қайта дафн этилди.

Маросимда марҳум ҳаққига қуръон тиловат қилиниб, Умр Ҳатамовнинг ёлғиз қизи, бугунга келиб 80 ёшни қарши олган Омоной Чориёровага ва яқинларига ҳамдардлик билдирилди.

– Отам урушга кетаётганда мен 6 ойлик чақалоқ бўлган эканман, – дея гап бошлади Умр Ҳатамовнинг қизи Омоной Чориёрова. – Онам, “отанг билан икки ярим йил яшаган бўлсам-да, умримнинг энг қувончли онлари сифатида ёдимда қолган”, – дерди. Унинг кўринишини сўраганимда, новчадан келган, елкалари кенг, тоғни талқон қилгудек бақувват йигит эди, ундайларни биринчи навбатда урушга жўнатарди, – деб кўз ёш қиларди. Мана бугун отамнинг хокини онам қабрининг ёнгинасига қўйдик ва энди улар абадий бирга. Бунинг учун ҳукуматимизга ва қидирувда иштирок этган барча-барчага ўз минатдорчилигимни билдираман.

Марҳумнинг ҳоки билан биргаликда келтирилган буюмлари, ҳужжати ва медальони Умр Ҳатамовнинг қизи Омоной Чориёровага топширилди.

Лейтенант Отабек НОРБОЕВ, Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати