Яна бир ўзбек фильми – халқаро фестиваль ғолиби
Ҳуснора Рўзматова томонидан суратга олинган “Бахтсиз куёв” бадиий фильми Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган XIX Мусулмон киноси халқаро фестивалининг “Гуманизм учун” номинацияси ғолибига айланди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Татаристон Вазирлар Маҳкамаси, Россия Муфтийлар кенгаши ва Мусулмонлари диний бошқармаси мутасаддилари иштирок этди.
Анжуман доирасида мусулмон дунёсининг 44 давлати кино усталари томонидан яратилган 700 дан ортиқ фильм кўриб чиқилди. Якунда танлов дастурига киритилган 20 та фильм Гран-при учун кураш олиб борди.
Энг яхши асарлар қаторидан Ўзбекистоннинг “Бахтсиз куёв” бадиий фильми ҳам жой олди. Ушбу картина “Гуманизм учун» номинациясида энг яхши, деб эълон қилинди.
Фильм режиссёри Ҳуснора Рўзматова ташкилий қўмита томонидан диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. Тадбир сўнгида XX Мусулмон киноси халқаро фестивали 2024 йил 7-9 сентябрь кунлари ўтказилиши маълум қилинди.
ЎзА